Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 10 июлда эълон қилинган)
Яна бир марта такрорлайман. Ҳақиқий маданият учун, Эзгулик маънавий булоғи учун йўл очиш қанчалик оғир ва машаққатли бўлганини биз тенги авлоднинг аксарияти ўз шахсий тажрибаси орқали билади, чунки даҳшатли оғу бизнинг қонимизга ҳам сингиб кетганди. Агар йўлимизда шу каби раҳнамолар бўлмаганда, озод бўлишнинг асло иложи йўқ эди. Шахсан мен бунинг учун бутун ҳаётимни тикдим. Ва қолган қисми ҳам, қанча бўлса, ҳаммаси шунга бағишланади.
Ҳа, мен чинакам бахтлиман, чунки ҳозир ҳам менга яшаш учун ёрдам берадиган одамларни учратаман. Кўпчилик тенгдошларим сталинчилик ғоявий тўридан ҳали ҳам суғурилиб чиқа олмаганини, эскирган ақидаларига зўр бериб ёпишаётганини тушуниш жуда оғир.
Ўз навбатида, ҳозирги ёшларга шу мураккаб, қарама-қарши дунёмизда тўғри йўлга чиқиб олишлари учун бор кучим билан ёрдам беришни истайман. Ёрдам беришни... ҳатто ўз хатоларим билан ҳам. Бисмарк айтганидай, ахмоқлар ўзининг, ақллилар эса ўзгаларнинг хатосидан ўрганадилар.
Икэда: – Ўн тўққиз ёшимда устозим Тодой билан илк бор учрашдим ва унга учта савол бердим: “Инсон учун тўғри яшаш нима ўзи?”, “Ҳақиқий ватанпарвар ким?”, “Император ҳақида нима деб ўйлайсиз?”. Шубҳага ўрин йўқки, ўсмирлиги милитаризм ва фашизм томонидан оёқости қилинган ёш йигит учун ушбу саволлар муқаррар эди. Аммо ўйлаб кўрилса, биринчи савол ўзида, Афлотун “Давлат”ида гувоҳлик бергани каби инсоният тарихига оид оғир саволлардан бирини ифода этади. Ўшанда мен ундан соф ички ҳис-туйғуга таяниб сўрагандим.
Жавобнинг аниқ мазмунини унча аниқ эслай олмайман, фақат кўз ўнгимда табассум намоён бўлади, ҳазил аралаш бир маромдаги сокин нутқни эшитаман. Бунда қийин фалсафий терминлар йўқ эди, панд-насиҳат йўқ эди. Бу одам теран фалсафий фикрларни энг содда, ҳаммага тушунарли сўзлар билан ифодалай олар, шунинг баробарида тингловчига ўзидаги мустаҳкам комил ишончни юқтирарди. Ушбу комил ишонч кучига бўйсунмай, тик туришнинг иложи йўқ эди, мен шунда ич-ичимдан ҳис этдимки: шу одамнинг орқасидан эргашиш мумкин! Менинг сезгимга содиқлигим йиллар ўтиб, ҳаётда устозим билан ёнма-ён қадам ташлай бошлаганимда, етарлича тасдиғини топди. Унинг ёрдами билан мен жамиятни танидим, халқни танидим, одамларни танидим. Бошқача айтганда, чинакам инсон ҳаётини тушуна олдим. Ва шу нуқтаи назардан, устозим мен учун ҳамманинг ўрнини босди. Бу – менинг буюк қувончим ва ифтихорим.
Ч.Айтматов: – Шу ерда беназир адиб Юрий Олешнинг сўзларини келтирмасам бўлмайди: “Доно устоз ҳимоясида фикрлашни бошлаган одам хушбахтдир”. Кимки улғайганида шу сўзларни айта олса, ҳақиқатдан ҳам бахтли. Бизнинг қарзимиз – кўпроқ ҳимоя қилиш. Ахир ҳаётининг дастлабки ёшлик йилларида бахт-саодат нималигини билмаган инсоннинг кейинги умри, қайсидир маънода тушкун, норасо бўлади.
Икэда: – Афсус, жуда кўп ёшларни учратганда надомат билан англайсанки, у бахтиёр эмас. Бундан оғринасан. Оламнинг ноаён гўзал сирлари улар учун очилмаган. Лекин унга бўлган тушунуксиз соғинч ҳисси (айримлари, балки аллақачон ҳис этаётгандир) уларни таъқиб этади. Ва кимки бунинг сабабини фаҳмлаб қолса, оғир бўлади. Шунда у отасидан ўпкалайди: моддий муваффақиятлар учун кимўзарликка берилиб, унга асосий нарсани – ҳақиқий ҳаётга муҳаббатни ўргатмабди.
Замонавий ёшларга: “Бизнинг давримизда... Биз...” қабилида панд-насиҳат қилмоқчи эмасман. Фақат бир ўй ҳеч тинчлик бермайди, нега бундай бўлаяпти, ёшлар ҳар қандай маълумотни топиб, осонгина фойдаланиш имкониятига эга бўлган ҳозирги иқтисодий гуллаш даврида (Япония ҳақида гапираяпман, қисман), кўпчилик қизиқишини кўпроқ маънавий бўшлиққа ғарқ этувчи хабардорликка сарфлаяпти, унга боғланиб қолаяпти, оммавий маданият, яланғоч шаҳвоният уларни ўпқондай ўз домига тортаяпти. Бир қарашда тескари ҳақиқатдай туйилган, аслида эса ундай бўлмаган нарсалар бош қотиришга арзирмикан? Бошқа тарафдан эса “иқтисодий мўъжизалар” инсон шахсини емираяпти. Бу техник тараққиёт одамнинг бир эҳтиёжини қондириб, қолган фаолият, қобилиятларини йўқ қилмаяптими?
Ч.Айтматов: – Борган сари мен ўз ёшим ҳақида кўпроқ ўйлаяпман, илгари деярли эътибор бермасдим. Шунинг учун бўлсак керак, жамият танлаган тараққиёт йўли ўзини оқлайдими ёки оқламайдими, ҳаётнинг мазмунини идрок этишда турли авлодлар қарашлари ўртасидаги фарқни ҳайрат ва таъсирчанлик билан қабул қиламан. Ҳа, бу ерда ким қай даража ҳақлигини исботлаш жуда қийин. Ўзиники бўлмаган айб билан тарихий “ёвон”га ва 80-90 йиллар ёшлари учун ҳозирланган боши берк кўчага кириб қолган ҳозирги совет одамларининг синалган тўнғич авлоди ўзидаги айбдорлик ҳиссини қандай изоҳлаши мумкин? Биз, оталар, ишимизни давом эттиради, деган умидда қайта қуришни замонавий ёшларга қолдираяпмиз. Аммо у кутганимиздек натижа берадими? Жамиятни демократик қайта қуриш билан боғлиқ янги истак ва амалимиз қадр топадими? Оталар чеккан азоб кулгига, қолаверса, болалигидан кўзи очилган ёшларнинг нафратига дучор бўлмайдими?
Ўз фикримни мутлақ ҳақиқат, деб даъво қилмоқчи эмасман.
Гапни қисқа қиламан. Замонавий ҳаёт ҳар қанча чигаллашмасин, сийқаси чиққан насиҳатгўйлик таъсир кўрсатолмайди. Гарчи аччиқ-аччиқ бир нималар дегинг келса ҳам. Масалан, нега жинсий алоқанинг турли кўринишдаги усуллари, эркинликнинг ушбу сохта онг шакли билан боғлиқ барча нарсаларга ёппасига қизиқишади, аслида бу – аҳлоқсизлик ва порнография-ку. Бу борада бутун дунёда экранларни, эстрада, театр, тасвирий санъат ва бошқа кўз билан кўриладиган санъат турларини айблаш одат тусига кирган. Аммо талаб бўлмаса, таклиф бўлармиди?
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси