Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.
Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 9 июлда эълон қилинган)
Бунақа каллаи саҳарлаб ҳеч бир уй ҳайвони ўз оёғи билан том остидан чиқиб кетмайди. Фалокат содир бўлганини тушундим ва онамга хабар берай, деб уйга югурдим. Ўша лаҳзадан бошлаб оиламиз учун дунё остин-устун бўлгани, қора кун келгани аниқ – иккиланишга ҳожат йўқ: сигирни ўғрилар кўз остига олиб юрган ва ўғирлашган. Саросимага тушиб ҳамма йиғларди ва энди нима бўлшига ақлимиз етмасди. Югуриб келган соқчи қўшнилар ҳам овоз чиқариб йиғлашди, бизга ачинишди, бадкирдорларни қарғашди ва Худодан уларнинг бошига қора кун солишини сўраб илтижо қилишди. Мен болаларнинг тўнғичи эдим, кичкиналарни ҳимоя қилиш вазифам, нимадир иш кўриш – уришиш, кўрашиш ва қайғумиз учун қасос олиш керак эди. Ўша кездаги қарашимга кўра, бу фақат бир нарсани белгиларди: ўғрини ўлдириш керак.
Қўшниларимиздан бири тракторчи Темирбекнинг олдига милтиғини сўраб бордим. Тимирбек билан иш юзасидан боғлиқлигимиз бор эди. Ўтган куз ер ҳайдаш мавсумида мешкоплик қилиб унга ёрдам бергандим. У касал эди, тўшакда терга ботиб, оғир нафас олиб ётарди. Бошимизга тушган бахтсизликдан хабардор эди. “Олавер, – деди Темирбек, – ана, деворда осилган турибди. Ўқлари эса ёнидаги михга илинган сумкада. Соғлиғим жойида бўлганида, ўзим сен билан борардим, ўша ярамасларни топсам, отиб ташлардим!” – деб қўшиб қўйди.
Темирбекнинг уйидан қўлимда қурол ва кўксимда иштиёқ билан чиқдим.
Бутун вужудимни алам ва ғазаб ҳисси қамраб олганди. Бошқа ҳеч нимани ўйлайдиган аҳволда эмасдим. Аламдан фиғон чекаётган қалбимни фақат бир ўй ёқарди: нима қилиб бўлса ҳам ўғриларни топиш ва аёвсиз жазолаш керак. Ана шундай мудҳиш ният билан ўғрилар узоқ кетолмайдиган йўлни мўлжаллаб кесиб чиқдим. Сигир – от эмас, югуриб кетолмайди. Боз устига, улар фақат тунда ҳаракатланади, кундуз куни юрса, пайқаб қолишлари мумкин. Демак, овлоқроқ бирор жойга яширинишган. Мабодо молни сўйган бўлса, гўштини яшириб қўйиб, қаердадир ухлаб ётишибди.
Ўғриларнинг яна бир шубҳасиз ўйи қаҳримни қўзғатарди: келгинди оилада уларнинг кетига тушадиган ҳеч ким йўқ, деб ўйлашган. Ва мана, томдан тараша тушгандай, қўлимда милтиқ билан пайдо бўламан, ҳаммаси жойида, нечта ўзи улар, – иккита, учта, – қаторлаштириб отиб ташласамми...
Ҳа, ҳа, фақат шундай қилиш керак. Бошқача бўлиши мумкинмас!
Мен дала ва жар ёқалаб юришни бошладим, савдойиларча бетоқат бўлиб, қўнимгоҳ ва адирни югуриб айланиб ўтдим. Ҳаво совуқ эди, бироқ буни сезмасдим. Ички ҳароратим мени судраб борарди. Бўридай қор еб югурдим. Биттаю битта этигимни асраш учун йўл ҳам танламадим.
Чарчоқ ҳам сезмадим, ва ниҳоят, укам билан алмашлаб киядиган арзанда этигимиз яроқсиз ҳолга келган пайтда кун ярмидан оғган эди, аммо ҳеч қаердан ҳеч кимни тополмадим.
Бўшлиқ ва кимсасизлик умидсизликкача бориб етди. Мени улар орасида жонсиз тоғлар ва бўм-бўш фазо ўраб турарди. Атрофда ҳеч ким, ҳеч бир нишон йўқ.
Ва шунда, аниқроқ – йўқ, ҳатто шубҳасиз! – ўйладимки, ўғрилар яқин атрофдаги Жамбул шаҳрига кетишган. (Кейинроқ мен у ерда зооветеринария техникумида ўқиганман). Ҳа, албатта, улар сигирни сўйиш ва гўштини бозорда сотиш учун ўша ерга олиб кетишган.
Бу оддийгина фараздан ёнаётган кўксимдаги юрагим гупиллаб уриб кетди ва ўйлаб ҳам ўтирмай, йўлимни шаҳар томон бурдим. Агар тун бўйи дам олмай юрилса, у ерга фақат эрталаб етиб бориш мумкин эди. Ва мен ҳеч тараддудланмай, иккиланмай бу йўлни босишга тайёр эдим. Тезда тоғ этагидан тушиб, катта йўлга қараб кетдим. Хаёлан тасаввур қилдим, шаҳарга етиб боришим билан, саҳардан бозорга кираман, қиёфаларга разм солиб қарайман; эҳтимол, шилинган терини таниб қоларман; йўқ, мен шуларсиз ҳам, адашмай, юз-кўзидан таниб оламан уларнинг кимлигини. Мен ўзимга қандай қилиб, қайси йўл билан аниқлай олишимни айтиб беролмасдим, аммо жиноятчиларни адашмай топишимга асло шубҳам йўқ эди. Шунингдек, улар ҳам мени таниб қолишади. Лекин кеч бўлади, ўша ернинг ўзида, пештахтанинг ортидаёқ уларни отиб ташлайман...
Милтиқни қўлтиқлаганча, қасос олиш учун сўнмас иштиёқ бошқарувида кетиб борардим. Мана, катта йўлга ҳам келдим... Ўйларим билан овора бўлиб рўпарамдан менга томон яқинлашиб келаётган эшак минган одамни кўрмай қолибман. Оддийгина қишлоқ қарияси. Юпун кийимли, эски телпакли, оппоқ соқолли. Эгарланган кул ранг эшак таниш кўчасидан одатдагидай майда қадам ташлаб йўрғаларди. Қария эски хароба қабристон томондан келарди.
Йўлларимиз кесишди. У билан ҳатто сўрашмадим, бундай ҳолатларда кутилганидек, мен салом беришга тайёр эмасдим, қалбим ғазаб билан тўлиб-тошганди. Ёнидан ўтиб кетаётгандим, қария мени тўхтатди:
– Менга қара, йигитча, кимнидир ўлдиришга кетмаяпсанми?
– Ҳа, – деб жавоб бердим негадир саволидан заррача ажабланмай, – ўлдиришни истайман!
Нигоҳларимиз тўқнашди. Озғин юз ва хотиржам, ҳамма нарсани тушунадиган нигоҳни кўрдим. У маъқуллаб бош силкиб қўйди:
– Хўп, ишлар шунақа экан, шошма. Тўхта, гаплашиб оламиз. Нимага бундай қарорга келдинг?
– Бўғоз сигиримизни ўғирлашди. Тўрт боламиз, мен – энг тўнғичи, онам билан холам касал.
– Буни қара-я! Ёмон бўпти... Аммо... Мени эшит. Ўзингда қасос ўтини алангалатма, одам ўлдириш ҳақида ўйлама, ҳатто у лаънати ўғри бўлса ҳам.
Мен жим эдим, ўзимни бақириб юборишдан аранг тутиб турардим.
– Сени тушунаман, – шошилмай давом этди чол, – сен учун жуда оғриндим, суякларим зирқираб кетди. Аммо нотаниш чолга қулоқ сол. Ўлдиришга борма! Юрагингда буни сақлама.
Уйингга қайтгинда, ёдингда тут: кимки ёмонлик қилса, ҳаёт ўзи унга кўрсатади. Албатта шундай бўлади, шубҳа қилма. Жазо ҳамиша уларнинг оёқлари остида юради, бирга ётиб, бирга туради. Сени эса ҳаёт сийлайди. Уйга қайт ва ўлдириш ҳақида ўйлашни бас қил. Бахтинг келади, у юрагингга қандай кўчиб кирганини билмай ҳам қоласан. Ҳозир айтаётганларим сенга қуруқ гапдай туйилаяпти. Лекин менга ишон ва қайт... Бир кун келиб ҳақлигимга ишонч ҳосил қиласан, эслайсан... Уйингга бор, ўғлим, ва ҳаммасини онангга айтиб бер, уйингга бор, мен эса ўз йўлимда давом этаман...
Кетиб бораётган чолга қараб, ҳамон иккиланиб турардим. У қайрилиб қарамади... Мен кимсасиз далага ўзимни урдим, елкамдаги осиғлиқ милтиқ энди кераксиз эди. Қорли бўшлиқлар қорая бошлади. Менга нима бўлди, билмайман, бирданига йиғлаб юбордим. Вужудим йиғидан зир титраб, йиртилиб, тилка-пора бўлган этигим билан оёғимни зўрға босганча судрала-судрала кетдим...
Мен бу воқеа ҳақида узоқ-узоқ йиллар унутган эдим, фақат яқиндагина ҳаммасини эсладим, йўлдаги ўша нотаниш қария ва унинг сўзлари хотирамда жонланди: “Нимаики ёмонлик қилишмасин, ҳеч қачон интиқом ҳақида ўйлама, ўғлим”.
Демак, менинг ҳам “ҳаётдаги устозларим” бўлган. Ўз еримнинг азиз ва покдомон инсонларига камтарона таъзим қиламан! Улар ҳозир ҳам менинг руҳий тиргагим. Эҳтимол, моҳият “қайтиш”да эмас, унутмасликдадир, ҳеч қанчон, шахсий ҳаётингнинг ҳеч бир лаҳзасида – айниқса, бахтли, завқу шавқли, кечирасизу, шуҳратли онингда – кимлигинг ва қаердан эканингни, сени нима учун севишлари номаълум одамлар олдидаги бурчингни унутмасликда.
Давоми бор
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси