ФОТОРЕПОРТАЖ
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан жорий йил 12-14 февраль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимён қишлоғида анъанавий “Чимган Челленж” эко сайёҳлик спорт фестивали бошланди .
Мазкур фестивалда мамлакатимиздаги вазирликлар, идоралар ҳамда йирик корхона-ташкилотларнинг спорт тарғиботчилари баскетбол, волейбол, бадминтон, мини-футбол, тоғ чанғиси ҳамда сноуборд бўйича ўзаро мусобақалашади.
Ушбу фестивалга қарийб 200 нафар спорт тарғиботчилари ҳамда 25 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилган. Фестивалда ОАВ вакиллари ҳам бевосита иштирок этмоқда. Яъни, улар мусобақа жараёнларини кенг ёритиш билан бирга ўзлари ҳам юқоридаги спорт турлари бўйича мусобақаларда омадларини синайди.
Иккинчи бор ўтказилаётган “Чимган Челленж” эко сайёҳлик спорт фестивалини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган спорт тарғиботчилари орасида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишни кенг тарғиб қилиш, қолаверса, улар ишлаётган ташкилотларда ҳам соғлом турмуш тарзини оммалаштириш орқали спорт мусобақаларини мунтазам ўтказишдан иборат.
Фестиваль доирасида спорт тарғиботчилари учун махсус ўқув-семинар ҳам ташкил этилади ва семинар якунида тарғиботчиларга сертификатлар тақдим этилади.
[gallery-1151]
Муҳаммад АМИН олган суратлар, ЎзА