Чимда янги ҳаёт нафаси уфурмоқда
Қашқадарё вилояти Қамаши туманига қарашли 4Р79 Қарши-Шаҳрисабз йўли ёқасида жойлашган Чим маҳалласига кириб боришингиз билан кўзга ташланадиган биринчи манзара обод ва файзли кўчалар. Йўл бўйлаб қад ростлаган узум сўрилари, янги қурилаётган уй-жойлар, замонавий инфратузилма объектлари. Бир қарашда бу ерни кечаги қишлоқ билан қиёслаш қийин.
Аслида эса бу ўзгаришлар бир-икки кунлик эмас. Чим маҳалласида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида бошланган кенг кўламли ишлар ҳудуднинг нафақат қиёфасини, балки аҳолининг яшаш тарзини ҳам ўзгартирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-298-сон қарори асосида амалга оширилаётган дастурнинг моҳияти ҳам шунда – маҳаллани комплекс ривожлантириш, одамлар учун муносиб шароит яратиш, уларнинг даромадини ошириш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.
Чимда бу мақсадлар қоғоздаги режа эмас, амалдаги ўзгаришларга айланмоқда.
Маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашар экансиз, деярли ҳар бир хонадонда ўзгаришларга оид бирор воқеа ёки янгиликни эшитасиз.
80 ёшли Қиммат момо Жуманова эса Чимнинг бугунги қиёфасини ярим асрдан ортиқ ҳаёт тажрибаси билан қиёслайди.
– 58 йилдан буён шу қишлоқда яшайман. Келин бўлиб келган пайтларим лойсувоқ уйлар, чанг кўчалар бўларди. Маҳалла идораси ҳам йўқ эди. Бугунги манзарани ҳатто бир йил олдингиси билан ҳам қиёслаб бўлмайди. Кўчаларимиз обод, узумзорлар, гулзорлар пайдо бўлди. Одамларнинг турмуш тарзи ҳам ўзгаряпти. Маҳалламиз шаҳарга яқин қиёфа касб этмоқда, – дейди Қиммат момо.
Унинг гапларида шунчаки кекса авлод вакилининг хотиралари эмас, йиллар давомида бир ҳудудда яшаган инсоннинг ўз кўзи билан кўрган ўзгаришлари мужассам.
Бугун Чимда 78 та хонадонда шаҳарсозлик талабларига мослаштириш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Қарши – Чим – Шаҳрисабз автомобиль йўли бўйидаги 17 та ҳамда Чинорли ва Ўрта Чим кўчаларидаги 59 та хонадон қайта қурилмоқда ёки таъмирланмоқда. Уларнинг 14 тасида қурилиш ишлари тижорат банклари кўмаги асосида амалга ошириляпти.
Чимнинг янги қиёфасида маҳалла ва ёшлар маркази алоҳида ўрин тутади.
Қурилиши давом этаётган мазкур марказда аҳолига зарур бўлган қатор хизматларни бир жойга жамлаш кўзда тутилган. Давлат хизматлари, ҳуқуқий маслаҳат, таълим ва спорт, хотин-қизлар учун психологик хизматлар барчаси шу ерда ташкил этилади.
“Чим” МФЙ раиси Собир Ирисбоевнинг айтишича, бу объект маҳалла ҳаётида муҳим янгилик бўлади.
– Илгари маҳалла еттилиги фаолият юритиши учун муносиб бинонинг ўзи йўқ эди. Янги марказ аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш учун янги имкониятлар яратади. Энг муҳими, одамлар кўплаб хизматлардан бир жойнинг ўзида фойдаланиши мумкин бўлади, – дейди у.
Демак, маҳалла маркази оддий маъмурий бино эмас, аҳолини бирлаштирадиган ижтимоий маскан сифатида шаклланмоқда.
Маҳалладаги бунёдкорлик ишлари йўл ёки бинолар билан чекланмаган.
2 километр автомобиль йўли асфальтланмоқда. Шунча масофада пиёдалар йўлаклари ва тунги ёритиш тизими барпо этилмоқда. Электр таъминотини яхшилаш учун 2 та 250 кВА қувватли трансформатор, 220 та темир-бетон устун ва 8,4 километр электр тармоғи қурилмоқда.
Маҳалладаги эски электр устунларининг бетон устунларга алмаштирилгани, янги линияларнинг тортилаётгани аҳоли учун айниқса муҳим.
– Пиёдалар йўлакларига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. Бу одамларнинг нафақат кундузи, балки кечқурун ҳам хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шароит яратади, – дейди Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Нурбек Расулов.
Сув таъминоти масаласи ҳам эътиборда. Иккита артезиан қудуғи қазилиб, 3 километр ариқ бетонланади ва лотоклар ўрнатилади. Насосларни қуёш энергияси асосида ишлатиш режалаштирилган.
Бу бир томондан сув таъминотини яхшиласа, иккинчи томондан, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш имконини кенгайтиради.
Чимда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” тушунчасининг яна бир муҳим жиҳати – ҳар бир хонадон имкониятидан унумли фойдаланиш.
Маҳаллада қарийб 4 километр масофада ток сўрилари барпо этилган. Хонадонларда узум етиштириш йўлга қўйилмоқда. Бу ташаббус кўчаларга ўзига хос кўрк бағишлаётгани баробарида, оилалар учун қўшимча даромад манбаини ҳам яратмоқда.
Айрим хонадонларда иссиқхона, чорвачилик ва паррандачилик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Банклар томонидан бу ташаббусларга молиявий кўмак кўрсатиляпти.
– Ҳар бир хонадоннинг имкониятига қараб лойиҳалар таклиф этиляпти. Кимдир иссиқхона ташкил қиляпти, яна бир оила чорвачилик ёки паррандачилик билан шуғулланяпти. Айрим хонадонларда чорва ва парранда боқиш учун зарур иншоотлар ҳам барпо этилмоқда. Мақсад одамларнинг ўз томорқасидан даромад олиш имкониятини кенгайтириш, – дейди Нурбек Расулов.
Жуманазар Раҳмоновнинг хонадонида ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланилмоқда.
– 38 йилдан буён шу ерда яшайман. Бугун қишлоғимиз янги қиёфа касб этмоқда. Томорқамизда 2 сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Унда лимон етиштиришни режалаштиряпмиз. 120 литр сиғимли қуёш коллектори ҳам ўрнатилди. Қуёш панеллари ҳам бор. Илгари кўп нарсани ўтин ёқиб ҳал қилардик. Энди шароитимиз анча яхшиланди. Турмушимиз фаровонлашяпти, – дейди у.
Маҳалладаги ўзгаришларнинг иқтисодий томони ҳам бор. Шаҳарсозлик талаблари асосида 47 та тадбиркорлик объекти қайта таъмирланмоқда. Канал бўйида 1,1 километрлик замонавий сайилгоҳ ташкил этилмоқда.
Яна бир муҳим лойиҳа самарасиз фойдаланилаётган 5 гектар боғ ўрнида замонавий агрокластер ташкил этилиши.
“Туронбанк” кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида томчилатиб суғориш технологияси асосида 26 та иссиқхона, 100 тонна сиғимли совиткич омбори ва янги трансформатор пункти қурилмоқда. Бу ерда 52 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шу жиҳатдан қараганда, Чимдаги бунёдкорликнинг энг муҳим натижаси янги бинолар ёки обод кўчалар эмас. Асосий натижа одамларнинг ўз ҳудудида ишлаш, даромад топиш ва фаровон яшаш имкониятлари кенгаяётганида.
Маҳаллада ижтимоий объектларни янгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
4-сонли умумтаълим мактабида 12 миллиард сўмлик, 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 7 миллиард сўмлик энергия тежамкор реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 48-сонли оилавий поликлиника замонавий тиббий жиҳоз ва мебеллар билан таъминланади. 2-сонли Болалар спорт мактаби ҳам янгиланади.
[gallery-31322]
Бу ўзгаришларнинг мантиқий давоми соғлом, билимли ва фаол авлод учун шароит яратиш.
Чимдаги ишларга назар ташлар экансиз, бир ҳақиқат аён бўлади: маҳалла ободлиги, аввало, инсоннинг кундалик ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанади.
Кўчадаги ёруғлик – кечқурун хотиржам юриш имконияти. Асфальт йўл – қатновдаги қулайлик. Артезиан қудуғи – томорқадан унумли фойдаланиш имконияти. Иссиқхона – оила даромади. Янги маҳалла маркази эса одамларнинг ўз муаммоси ва ташаббуси билан мурожаат қиладиган маскани.
Шу маънода, Чимдаги бунёдкорлик ишлари маҳалла қиёфасини ўзгартиришдан кўра кенгроқ мазмун касб этмоқда.
Кеча чанг кўчалар ва оддий уйлар билан танилган ҳудуд бугун замонавий инфратузилма, тадбиркорлик имкониятлари, ижтимоий объектлар ва обод хонадонлар билан янгиланмоқда.
Қиммат момонинг бир гапи эса бу ўзгаришларнинг мазмунини тўла ифодалайди: “Кечаги Чим билан бугунгисини қиёслаб бўлмайди”.
Чиндан ҳам, бугун Чимда янги ҳаёт нафаси сезилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари