Кеча пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида чим устида хоккей бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Марказий Осиё чемпионати старт олди.
Мусобақа олдидан чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ундаспорт вазири ўринбосари ҳамда чим устида хоккей федерацияси раиси Авазжон Каримов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов сўз олиб, олимпия шаҳарчасида спортчилар учун яратилган шароит ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда Марказий Осиё чемпионати иштирокчиларини қувончли кун билан қутлади. Шунингдек, тадбир очилиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Осиё чим устида хоккей федерацияси раиси ўринбосари Зоҳид Алилар ҳам иштирок этди.
Очилиш маросимидан сўнг Қозоғистон-Тожикистон учрашуви бўлиб ўтди. Кескин ва муросасиз ўтган учрашувда қозоқ хоккейчилари рақиблари устидан 22:0 ҳисобида ғолиб келди. Ўзбекистон ҳамда қирғиз жамоалари учрашувида катта устунликка эга бўлган вакилларимиз рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 35:0.
[gallery-25705]
Мусобақа 17 октябрь санасигача давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА