Ўзбекистон зарарли чигирткалар тарқалиши ва кўпайиши учун иқлим жиҳатидан қулай ҳудуд ҳисобланади. Мамлакатимизда 200 га яқин чигиртка тури мавжуд бўлиб, кимёвий кураш тадбирлари фақатгина тўда ҳосил қилувчи 6-8 турига қарши олиб борилади.
Март-апрель ойлари ушбу ҳашаротга қарши тадбирлар кучайтириладиган давр ва бу жараёнларга ҳаттоки мотодельтаплан ҳам жалб этилади.
Масалан, Жиззах вилоятининг Фориш тумани зарарли чигирткалар кенг тарқаладиган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда уларга қарши кимёвий воситалар қўлланилганда сарф миқдори, самарадорлиги ва янгича ёндашувлар ҳисобга олинади ва бу жиҳатлар соҳа мутахассислари учун ташкил этилган семинар давомида тушунтириб борилади.
- Бизни асосий вазифамиз чигирткаларни 1-2 ёшида кенг майдонга тарқалиб кетмасдан кимёвий ишлов бериб жойида нобуд қилишимиз керак, -дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати агрономи Фарҳод Худойназаров. – Кимёвий ишлов асосан эрта тонгда соат 6:00дан бошланади, 9:00 ларгача. Ҳаво ҳарорати 24-25 даражага кўтарилганда бу ишлар тўхтатилади. Сўнгра мутахассисларимиз кузатув назорат ишларини олиб боради ва яна 19:00 гача бу ишлар давом этади.
Зарарли чигирткага қарши кураш тадбирларини Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати олиб боради. Ва айнан мазкур хизмат томонидан мотодельтапланлар ишлатилади. Ускуна ҳавога кўтарилганда 100 гектаргача майдонга ишлов бериши мумкин. Бундан ташқари махсус жиҳозланган тракторлар ёрдамида ҳам кимёвий воситаларни майда заррачалар кўринишида пуркалади. Трактор пуркагичларига ҳозирча оддий сув солиб семинар иштирокчиларига кўрсатиб берилди, кейинчалик улар кимёвий препаратлар билан тўлдирилади.
Хизматнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 3-4 йилдан буён микронейрли пуркагичлар билан жиҳозланган замонавий пикаплар ҳам далага олиб чиқилади. Бундан ташқари, ишчилар қўллайдиган моторли қўл пуркагичлар ҳам бор.
Жиззахнинг энг олис ҳудудлари вилоят марказидан120-160 километр масофа узоқликда бўлиб, бориб келишнинг ўзига тахминан 8 соат вақт сарфланади. Шу сабаб баъзида ишни давом эттириш учун ишчилар далада қолишларига тўғри келади.
- Янгиобод туманимиз қўшни Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти билан чегара зонасида жойлашган, - дейди Жиззах вилояти ФВБ бўлим бошлиғи Бекпўлат Мирзақобилов. – Мана шу чегара зоналарида ҳар йили биз чигирткага қарши кураш ишларини олиб борамиз. Икки давлатнинг чигиртакага қарши кураш хизматлари учрашамиз ва келишиб оламиз. Келишувга мувофиқ улар ўзларига тегишли зоналарда ишлов берадилар, биз эса ўзимиз тарафда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YZ6qE6qpvWI" title="Chigirtkalarga qarshi kurash tadbirlari kuchaytirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бугунги кунда зарарли чигирткага қарши кучайтирилган кураш Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кенг кўламда олиб борилмоқда. Республика бўйича эса кимёвий кураш тадбирлари 600 минг гектардан ортиқ майдонда ташкил этилиши режа қилинган.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА