Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида Чехия Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири бошчилигидаги делегация билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Унда делегация таркибидаги Чехия Республикасининг аграр саноати йўналишида фаолият юритаётган 20 ортиқ ташкилот раҳбарлари билан турли йўналишларда ҳамкорлик ҳамда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Чехияда ишлаб чиқарилган робот трактор ва мини тракторлар, наслдор чорва, эчкилар, паррандалар ва инкубацион тухумларни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари хусусида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, Чехияда ташкил этиладиган Халқаро кўргазмаларда Ўзбекистонда фаолият юритаётган аграр соҳа вакиллари ўзлари етиштирган маҳсулотлар билан иштирок этиши мумкин.
Кенгаш ҳузуридаги илмий марказларда Чехиялик қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирокида ўқув (консалтинг) курсларини ўтказиш, ўқув курслари якунида уларга бериладиган сертификатлар ёрдамида Чехияда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш имкониятига эга бўлишини таъминлаш лойиҳалари муҳокама қилинди. Негаки Чехияда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларига эҳтиёж юқори.
– Ҳамкорликда ҳудудлардаги агар соҳа вакиллари учун фермер хўжаликларида доимий фаолият юритувчи амалий-ўқув масканлари ташкил этилади, – дейди “Ахборот - инновация маркази” директори Мирзоҳид Йўлдошев. – Бунда ҳудудларда ташкил этиладиган амалий-ўқув масканларини моддий техника базаси бойитилади. Чехия давлатларда ташкил этилган мазкур масканлар фаолияти билан тажриба алмашинади. Шунингдек, Ўзбекистонда органик тоза маҳсулотлар етиштиришни ривожлантириш лойиҳаси устида иш бошладик.
Учрашув якунида томонлар мамлакатимизнинг белгиланган ҳудудларида ҳамкорлик тадбирларини ташкил этишга келишиб олди.
Икром Аввалбоев, ЎзА