Чет тилларни аъло билиш дунё сари қадам ташлаш демакдир
Таълим тизимидаги ислоҳотлар фақат қоғозда эмас, амалда ҳам ўз самарасини бермоқда. Бунга Сирдарё вилоятининг чекка, олис ҳудудида жойлашган Ширин шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактаби ёрқин мисол бўла олади. Бу ердаги ўқувчиларнинг орзу ва интилишлари, устозларнинг меҳнатсеварлиги дунёга йўл очаётгани қувонарлидир.
Мазкур мактаб жамоаси ўтган йили Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг шаҳар ва вилоят босқичларида 1-ўринни, сўнгра республика босқичида иштирок этиб, “Фаол иштирокчи” номинациясини ҳамда Лондонга 7 кунлик таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритганди.

Натижада 5 нафар иқтидорли ўқувчи ва уларнинг устозлари Англияга сафар қилиб, у ерда таълим тизимидаги янгича ёндашувлар билан танишиш, хорижлик мутахассислар билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди. Лондоннинг тарихий ва маданий манзиллари билан танишиш эса ёшлар учун катта ҳаётий сабоқ ва унутилмас хотира бўлиб қолди.
– Англияга қилган сафаримиз нафақат биз устозлар, балки ўқувчилар учун ҳам улкан тажриба мактаби бўлди. Улар ўз билимларини амалда қўллашди, хорижлик мутахассислар билан мулоқот қилишди. Бу уларни янги мақсадларга йўналтирди, – дейди умумтаълим мактабининг олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси Лобар Тўйқулова.

Бу сафардан энг катта таассуротни, табиийки, болалар олишди. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси Лутфия Мирзаева ўша кунларни ҳаяжон билан эслайди: – Лондонга бориш мен учун орзу эди. Дарсда ўрганганим – ҳар бир ингизча сўз у ерда менга қўл келди. Музейлар, тарихий бинолар, кўҳна кўчаларни кўриб, дунёқарашим бутунлай ўзгарди. Асосийси, Биг-Бен қаршисида устозларим ва дўстларим билан тушган суратим энг қимматли хотирамга айланди. Бу сафардан сўнг билим олишга иштиёқим янада кучайди. Келажакда юртим шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилишни мақсад қилдим, — дейди у.
Жорий йил август ойида мактаб жамоаси иккинчи бор “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” йўналиши бўйича Президент соврини учун ўтказилган танловда иштирок этиб, шаҳар ва вилоят босқичларида 1-ўринни, республика босқичида 3-ўринни эгаллаб, пул мукофоти ҳамда Англияга саёҳат қилиш йўлланмасини қўлга киритди.
– Илгарилари бунақа имконият ҳақида орзу ҳам қила олмасдик. Энди эса чекка ҳудуд мактабининг ўқувчи ва устозлари икки бор Англияга бориши мумкин бўляпти. Бу — Президентимизнинг таълимга қаратаётган беқиёс эътибори самарасидир, – дейди умумтаълим мактабининг олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси Ирода Мўминова. – Насиб қилса, октябрда яна 5 нафар ўқувчимиз билан йўлга чиқамиз.
Танлов натижасида қўлга киритилган мукофотнинг маълум қисми ўқитувчи ва ўқувчиларни рағбатлантиришга йўналтирилган бўлса, қолган қисми мактаб имкониятларини кенгайтиришга сарфланди. Китоб фонди бойитилди, хорижий тил хоналари замонавий мультимедиа воситалари билан жиҳозланди. Бугун бу мактабда IELTS ва CEFR даражасига эга бўлган, таълим гранти асосида республикамиздаги нуфузли олий таълим даргоҳларига қабул қилинган ўқувчилар сони тобора кўпаймоқда.
– Биз учун энг катта ютуқ — ўқувчиларнинг натижаси. Жамоамиз доим изланишда: хорижий тажрибани ўрганамиз, замонавий технологияларни жорий қиламиз, ҳар бир боланинг қобилиятидан келиб чиқиб индивидуал машғулотлар ташкил этамиз. Шу туфайли натижа бор, – дейди мактаб директори Раимжон Игамбердиев.
Мактабда замонавий мультимедиа синфлари, электрон ресурслар зали ташкил этилган. Хорижлик мутахассислар иштирокида онлайн дарслар ўтказилиши эса ўқувчиларнинг чет тилларни тез ўрганишга ёрдам бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири