Чет эл компанияси фойдасига ускуна сотувга чиқарилди
Ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ундирувларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш бўйича Мажбурий ижро бюроси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар иқтисодий судининг қарорига асосан, қарздор “B.K” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи “D.M.T” чет эл компанияси фойдасига 1.8 миллион АҚШ доллар асосий қарз, 80 минг АҚШ доллар фоиз, 54,2 минг АҚШ доллар суд харажатини ундириш белгиланган. Ушбу суд қарори бўйича чиқарилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига келиб тушиб, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилди. Суд қарорининг ижросини таъминламаслик оқибати тушунтирилди.
Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби бажарилмаганлиги сабабли “B.K” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган тўқимачилик толаларини тайёрлаш ускунаси давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олинди. Мазкур ускуна 50.814 миллиард сўмга баҳоланиб, электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири