Черногория 2028 йил ЕИ аъзоси бўлиши мумкин
Брюссель таъкидлашича, эҳтимол Черногория Европа Иттифоқига аъзо 28-давлатга айланади, кейин Албания ва Молдовага навбат келади. Украина ислоҳотни тезлаштириши кераклиги айтилган ва ўтган ой бўлиб ўтган сайловдан сўнг Сербия ҳам бу ишни уддалай олишига умид билдирилган.
Германиянинг DW ахборот агентлиги хабарига кўра, Европа Иттифоқи Черногория аъзолиги бўйича музокарани йил охиригача якунлаши мумкин. Бу Болқон мамлакатига 2028 йил уюшманинг навбатдаги аъзоси бўлиш имконини беради. Айни мазмундаги баёнотни кеча Европа комиссияси берган.
– Бу Черногория Европа йўлидан бориш ва ЕИга аъзолик ҳақиқатга айланиши учун зарур ислоҳотни амалга ошириш учун доимий саъй-ҳаракат олиб бораётганидан далолат, – дейилган ЕИни кенгайтириш сиёсати бўйича йиллик ҳисоботда.
Черногория ЕИ аъзолигига номзод 9 давлат орасида етакчи эканини маълум қилинган. Тузилмага сўнгги бор 2013 йил Хорватия қўшилган.
– Охирги бир йил ичида баъзи номзодлар эришган сезиларли ютуқлар бизга кенгайиш ваъдасини ҳақиқатга айлантириш имконини беради, – деди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен. – Қадам-бақадам биз янада яхлит ва кучли Иттифоқ барпо этяпмиз.
630 000 аҳолига эга бу давлат, айниқса, асосий ҳуқуқ ва молиявий хизмат йўналишида қатор ислоҳотларни амалга ошириши зарурлиги таъкидланган.
– Агар музокара жорий йил якунланса, қўшилиш тўғрисидаги шартнома 2027 йил июнь ойида имзоланиши мумкин, – дея қўшимча қилинган ҳисоботда.
Шартнома ЕИга аъзо барча 27 давлат томонидан ратификация қилиниши шартлиги жараён 2028 йилгача чўзилишини англатади.
Аъзолик бўйича музокара доирасида номзод мамлакатлар ўз миллий қонуни ва стандартини атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан тортиб, инсон ҳуқуқигача бўлган турли соҳаларда ЕИ талабига мувофиқлаштириши керак.
ЕИ сари интилаётган бошқа мамлакатларнинг мақоми қандай?
Европа комиссияси ҳисоботида Албания, Украина ва Молдова ҳам аъзолик йўлида ҳаракатни давом эттираётгани маълум қилинган. Ушбу мамлакатлар учун тасдиқланган "Йўл харитаси"да Албания Черногориядан тахминан бир йил ортда экани қайд этилган. Мазкур мамлакат тегишли музокарани якунлаш учун одил судлов тизимини ислоҳ қилишда давом этиши, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш тизимини такомиллаштириши лозим.
Таъкидланишича, Молдова 2028 йил бошига қадар зарур ислоҳот амалга оширишни мақсад қилган. Агар ўзгаришлар айни суръатда давом этса, ният амалга ошиши мумкин.
Комиссия Украинани эришган ютуқлари учун мақтаса-да, Киев қонун устуворлиги ва демократик институтлар фаолиятини яхшилаш учун ислоҳот суръатини тезлаштириши кераклигини қўшимча қилган.
А.Маматов, ЎзА