Об-ҳаво совиб бораётган шу кунларда истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, мавжуд имкониятларни тўла ишга солиш, энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш муҳим масалалардан ҳисобланади. Бу борада “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, айни кунда вилоятдаги мавжуд 138 та подстанция, 19 минг 124 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари, 224 та катта кучланишдаги, 8 минг 273 та паст кучланишдаги трансформатор пунктлари орқали 707 минг 765 та истеъмолчига белгиланган тартибда электр энергияси етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг сифатини янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги “Андижон вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Андижон вилоятининг чекка Бўстон ва Улуғнор туманидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида ушбу туманлар учун 110 кВт кучланишли 35,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини тортиш, қуввати 2х40 МВА бўлган 2 та подстанция қуриш белгиланган.
Бугунги кунга келиб, Бўстон туманининг “Ўзбекистон” ҳамда Улуғнор туманининг “Оқ олтин” массивларидан янги қуриладиган подстанциялар учун 1 гектардан ер майдонлари ажратилган. Айни кунларда трансформаторларни ўрнатиш учун ер қатламини мустаҳкамлаш, бетон қуйиш, атрофини девор билан ўраш ишлари якунланиб, модул бинолар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
– Янги подстанцияларни қуриш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда, – дейди Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Сардорбек Юсупов. – Айни пайтга қадар “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан лойиҳа доирасидаги ишларнинг 40 фоизи бажарилди. Бундан ташқари, технологик ускуналарни харид қилиш учун буюртма берилган. Ушбу ишлар бош лойиҳачи ва пудрат ташкилоти этиб белгиланган “Nura-High-Technologies” МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
[gallery-20475]
Белгиланган ишларнинг амалга оширилиши, янги подстанциялар ўрнатилиши натижасида Бўстон ва Улуғнор туманларидаги 29 мингдан зиёд аҳоли хонадони ҳамда 1 минг 500 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларининг электр таъминоти янада яхшиланади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари