🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Чекка қишлоқ аҳолиси ўзгаришлардан мамнун

Чекка қишлоқ аҳолиси ўзгаришлардан мамнун
Жамият
Танлаш
18:34 / 03.04.2024

Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Маданият қишлоғида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, ҳар бир ҳудуднинг имкониятидан келиб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича қатор топшириқ ҳамда вазифаларни белгилаб берган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш – миллий уйғониш” тамойили асосида камбағалликдан чиқариш ва аҳоли даромадларини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш бўйича вилоят ҳокимининг семинарлари ўтказилмоқда. 

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, маҳаллалар фаоллари, оқсоқоллари, ёшлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Маданият қишлоғида ўтказилган семинарда маҳаллалардаги муаммолар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. 

Вилоятнинг чекка, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларидан бири бўлган Маданият қишлоғида 7 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган. Ана шу маҳаллалар аҳолиси асосан, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Йиллар давомида ушбу маҳаллаларда қатор муаммолар йиғилиб қолган.

Вилоят ҳокимининг топшириғи билан маҳаллалардаги ҳар бир хонадон ўрганиб чиқилмоқда. Шу кунларда йўл, сув, газ, умуман, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, кўча ва гузарларни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

Andijon-O'zgarish.03.04 (1).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (2).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (3).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (4).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (5).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (6).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (7).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (8).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (9).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (10).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (11).JPG
Andijon-O'zgarish.03.04 (12).jpg

Қишлоқдаги қаровсиз ҳолатга келиб қолган маданият ва истироҳат боғини таъмирлаш, обод қилиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа доирасида ҳам ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, боғ ҳудудига "Андижонйўлкўкалам" унитар корхонаси томонидан 500 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. 

Одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, хонадонларни ободонлаштириш, аҳолининг мавжуд имкониятларини тўлақонли ишга солиш, томорқадан унумли фойдаланиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йиғилишда ана шу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун фуқароларга субсидия, кредитлар ажратилиши, зарур ёрдамлар кўрсатилиши алоҳида таъкидланди. 

Қишлоқ аҳолиси, айниқса, эҳтиёжманд оилалар вакиллари, болалар, аёллар, ногирон ва ёлғиз яшовчи кексалар саломатлигини кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шифокорлар хонадонма-хонадон юриб, уларнинг саломатлигини назоратдан ўтказмоқда. 
Қишлоқда вилоят тиббиёт муассасаларининг турли йўналишлардаги 20 нафардан ортиқ малакали шифокор-мутахассислари иштирокида тиббий кўрик ташкил этилди. 

Кўрикнинг биринчи кунида 700 нафарга яқин фуқаронинг саломатлиги назоратдан ўтказилди. Кўрик давомида турли хасталиклар борлиги аниқланган 122 нафар кишига бепул даволаниш учун тиббиёт муассасаларига ордерлар берилди. 

Бундан ташқари, “Инсон” ижтимоий ҳимоя маркази томонидан 12 нафар ногирон шахсга ногиронлик аравачаси топширилди, 4 нафар фуқаронинг ногиронлик гуруҳини белгилаш бўйича текширувлар ўтказилди, 2 нафар фуқарога Тошкент шаҳрида даволаниши учун бепул йўлланма берилди. 

Бўлаётган ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган қулайликлардан қишлоқ аҳли беҳад мамнун бўлмоқда. Ана шу ўзгаришлар уларнинг қалбида эртанги кунга бўлган ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари

Муаллиф: faxriddinubaydullayev