Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC хабар беришича, Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида икки кун давомида Кавказ инвестиция форуми бўлиб ўтди. Анжуман 33 давлатдан 2000 га яқин иштирокчини тўплади.
“Кавказ – денгиздан денгизгача” мавзусидаги тадбирда инвестиция ва иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологияни жорий этиш бўйича миллий дастурларни қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти таъкидланиб, тижорат институтлари ривожланиш жараёнини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳлил қилинди. Тараққиёт ва логистика бўйича мутахассислар энг муҳим соҳалар, айниқса туризм секторига сармоя киритиш муҳимлигини маъқулладилар.
Сессия иштирокчилари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги хавфсизлиги, банк-молия сектори, рақамли иқтисодиёт, медиа макон ва креатив индустрия, курорт саноати, транспорт ва логистика, энергетика, уй-жой ва коммунал хизмат, фазовий ривожланиш йўналишларига ҳам эътибор қаратдилар.
– Россиянинг барча ҳудудлари, шунингдек ўнлаб мамлакатлардан мингга яқин журналист Кавказ инвестиция форумида иштирок этиш учун ариза берган, – деди Чеченистон Республикаси миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев. – Бу йирик анжуманнинг юқори нуфузидан далолат. Ўйлайманки, турли минтақалардан келган ҳамкасбларимиз Чеченистон раҳбарияти оммавий ахборот воситалари учун очиқлиги, журналистлар билан алоқа ўрнатиш ва уларга ғамхўрлик қилишдан мамнунлигига ишонч ҳосил қилишади.
Форум кун тартибидан ишчи сессия, очиқ суҳбат, учрашув, маъруза, маҳорат дарси ва тақдимот, давра суҳбати, ОАВ вакилларининг чиқиши, туризм мавзусида эксперт гуруҳи очиқ йиғилиши, энергетика инфратузилмаси муҳокамаси ва бошқа муҳим масалалар ўрин олган. Шунингдек, Жанубий Россиянинг ривожланиши ва Шимолий Кавказ федерал округида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш мавзусига ҳам вақт ажратилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА