C5+1: Ўзбекистон ва АҚШ шериклигининг янги босқичи
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ҳамкорликни изчил кенгайтириб, инвестиция, инновация, савдо ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи, 200 га яқин Америка бизнеси вакилларидан иборат делегация кўплаб тадбирларда қатнашиши ҳам фикримизни исботлайди.
2015 йил ташкил этилган, Марказий Осиёнинг 5 давлати ҳамда АҚШни бирлаштирган C5+1 платформаси ўтган ўн йил давомида кўп томонлама мулоқотнинг муҳим механизмига айланди. 2023 йил Нью-Йоркда, 2025 йил Вашингтонда ўтказилган Президентлар учрашуви амалий ҳамкорликни ривожлантиришга сезиларли туртки берди.
– Сиёсий келишувдан аниқ иқтисодий лойиҳаларга ўтиш алоҳида аҳамиятга эга, – дейди мавзуга изоҳ берар экан, Тошкент давлат шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси докторанти Чарос Жуманазарова. – Американинг йирик бизнес гуруҳи иштироки тўғридан-тўғри сармоя жалб қилиш, қўшма корхона ташкил этиш, илғор технологияни амалиётга жорий этиш ва мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янги истиқбол очади.
Истиқболли йўналишлардан бири муҳим, фойдали ер ости моддаларини қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳисобланади. 2024 йил сентябрь ва 2026 йил февраль ойларида имзоланган меморандумлар технологик ишлаб чиқариш занжирини ривожлантириш, сармоя жалб қилиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш учун замин яратмоқда.

Энергетика, рақамли иқтисодиёт, транспорт инфратузилмаси, авиация, молиявий хизмат ва қишлоқ хўжалиги ҳам муҳим йўналишлардир. Айни жараёнда Америка компаниялари иштироки саноатни модернизация қилиш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва янги малакали иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Жуманазарованинг сўзларига кўра, таълим ва инновация соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Академик алмашинувни кенгайтириш, биргаликда илмий тадқиқот олиб бориш, мутахассислар тайёрлаш ва университетлар ҳамкорлигини ривожлантириш инсон капиталини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон – АҚШ шериклигига узоқ муддатли асос яратади.
Қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишда Ўзбекистон – Америка бизнес ва инвестиция кенгаши муҳим ўрин эгаллайди. Ўтган йил ноябрь ойида ташкил этилган ушбу тузилма фаолияти сармоявий ташаббусларини тизимли қўллаб-қувватлаб, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон учун C5+1 доирасидаги АҚШ билан ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки муҳим дипломатик аҳамиятга ҳам эга бўлиб, халқаро шериклик кўламини кенгайтириш, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё ташаббусларини глобал миқёсда илгари суришга хизмат қилади.
Самарқанддаги музокара якуни ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши шубҳасиз. Муваффақиятнинг асосий мезони нафақат янги келишувлар, балки лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши – ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиши, технология трансфери, ўзаро савдо ҳажми ортиши, бизнес ва ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратилишида ҳам намоён бўлади.
Бир сўз билан айтганда, C5+1 тобора аниқ амалий имконият тақдим этувчи платформага айланмоқда. Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги ривожланиши эса барқарор иқтисодий тараққиёт, технологик модернизация ва узоқ муддатли стратегик шериклик мустаҳкамланишининг муҳим омилидир.
Гўзал Сатторова,
ЎзА