Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида муҳим қонунлар кўриб чиқилди
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда айрим соҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштиришга қаратилган қатор қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
“Бозор назорати тўғрисида”ги қонун бозор назорати соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ва атроф-муҳитни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун билан бозор назоратини амалга ошириш механизмлари, ваколатли органларнинг вазифалари ҳамда иқтисодий операторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Сенаторлар қонуннинг амалиётда самарали қўлланилишини таъминлаш билан боғлиқ айрим масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Мажлисда “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонуни ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, мамлакатимизга халқаро инвестицияларни кенг жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш ҳамда молиявий хизматлар учун замонавий ва рақобатбардош ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган.

Қонун билан Молия маркази ҳудудида махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, Тошкент халқаро тижорат суди ва Молиявий хизматлар бошқармаси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА