Буюк саркарда
9 апрель — жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган, буюк давлат арбоби ва маҳоратли саркарда Амир Темур таваллуд топган кун.
1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) атрофидаги Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган Амир Темур ёшлик чоғлариданоқ ўзининг қатъияти, зеҳни ва етакчилик қобилияти билан ажралиб турган. У қисқа вақт ичида нафақат моҳир қўмондон, балки кучли сиёсатчи сифатида ҳам танилди.
Соҳибқирон унвони ҳам бежиз берилмаган. Бу ном унинг тақдирида буюклик, ғалаба ва тарихий воқеликлар мужассам эканини англатади. Амир Темур ўз даврида марказлашган, қудратли давлат барпо этиб, унинг чегараларини кенгайтирди ва халқаро майдонда катта нуфузга эга бўлди.
Айниқса, Самарқанд шаҳрини илм-фан, маданият ва меъморчилик марказига айлантиргани унинг энг катта хизматларидан бири бўлди. У қурдирган обидалар, илмга эътибор ва яратган шароитлар бугунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Амир Темурнинг давлат бошқарувига оид қарашлари “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топган. Бу асар адолатли бошқарув, интизом ва давлатчилик тамойилларининг муҳим манбаи ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам унинг ҳарбий стратегияси, дипломатияси ва бошқарув тажрибаси жаҳон илм аҳли томонидан чуқур ўрганилмоқда. Амир Темур шахсияти — бу фақат тарих эмас, балки келажак авлод учун куч, ирода ва ватанпарварлик мактаби.
Унинг мероси бизга буюкликка интилиш, юртга садоқат ва адолатдан оғишмаслик ҳар бир инсон учун энг юксак фазилат эканини ўргатади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА