Буюк математиклар Самарқанд давлат университетида
Самарқанд давлат университетида Математика, физика ва функционал анализ кафедраси мудири, академик, «Дўстлик» ордени соҳиби Саидаҳмад Лақаев таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Математик анализ ва таҳлилнинг замонавий математика-физикага татбиқи” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Нуфузли конференцияда вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, СамДУ ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Шавкат Аюпов, академиклар Шавкат Алимов, Азимбой Саъдуллаев, Фанлар Академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти профессори Равшан Ашуров, Миссури университети (Колумбия) профессори Константин Макаров, Виктория университети (Канада) профессори Амирали Баниасадий ва бошқа мутахассислар иштирок этди.


- Азалдан илм-фан маркази ҳисобланган Самарқанд давлат университети кўплаб етук алломаларни тарбиялаган улуғ даргоҳ, - деди Э.Турдимов. – Жумладан, Саидаҳмад Лақаев бошчилигидаги Самарқанд математика мактаби ҳам Ўзбекистон илм-фанининг юқори поғонасидан жой олган десам, адашмаган бўламан. Умуман, мазкур олий таълим масканида амалга оширилаётган ишлар жаҳон олимлари ва мутахассислари томонидан эътироф этилмоқда. Буни хорижий давлатлардан келаётган нуфузли меҳмонлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
- Саидаҳмад Лақаев Ўзбекистондаги 7 нафар математик академиклардан бири, - дейди Ш.Аюпов. - Биз 30 йилдан буён ушбу моҳир педагог, маҳоратли математик билан бирга ишлаб келамиз. Жаҳон математик таҳлил илмининг устунларидан бири Саидаҳмад Лақаевни нафақат олим, балки етук инсон сифатида ҳам биламиз. У киши 5 нафар фан доктори, 13 фан номзоди тайёрлаб, ўз илмий мактабини яратган. Бугунги конференция сабаб жаҳон математиклари билан бир ерга йиғилганимиздан хурсандман.


Беҳруз Шамсиддинов,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов (сурат)