Буюк Британия ва ЕИ озиқ-овқат савдосидаги тўсиқларни камайтириш бўйича келишувга яқинлашди
Буюк Британия Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, санитария ва фитосанитария стандартларини ЕИ талабларига мувофиқлаштиришни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Бирлашган Қироллик бош вазири Энди Бернхем маълум қилди. “Sky News” телеканали хабар беришича, Лондон ва Брюссель озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида бюрократик тўсиқларни қисқартиришга қаратилган келишув лойиҳаси шартлари бўйича келишиб олган.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи билан савдо алоқаларини яқинлаштириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қўшимча 0,4 фоизга ўсишига хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, янги келишув Британия корхоналари учун маъмурий харажатларни камайтириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Келишув лойиҳасига мувофиқ, озиқ-овқат, ўсимлик ва бошқа маҳсулотлар савдосида амалдаги сертификатлаш тартиблари ҳамда текширувларнинг аксарияти бекор қилиниши кўзда тутилмоқда. Бу фермерлар, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг харажатларини сезиларли даражада қисқартириши мумкин. Британия ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, келишув мамлакат иқтисодиётига йилига 5,1 миллиард фунт стерлинггача иқтисодий фойда келтириши кутилмоқда.
Таъкидланишича, музокаралар якуний босқичда. Томонлар келишувни 20 ноябрь куни Брюсселда ўтказиладиган Буюк Британия – Европа Иттифоқи саммитига қадар якунлашни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия 2020 йил 31 январда Европа Иттифоқидан расман чиққан. Янги келишув “Brexit” жараёнидан кейин икки томонлама савдо муносабатларини соддалаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.
А.Маматов, ЎзА