Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида, жумладан, улуғ бобомиз меросини ўрганиш ишларини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида юртимиз ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилишга алоҳида урғу берилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида бўлиб ўтган “Алишер Навоий – буюк тарихий шахс ва давлат арбоби” халқаро илмий йиғини айнан ушбу вазифа доирасида уюштирилди. Унда асосий эътибор буюк аждодимизнинг тарихий шахс ва давлат арбоби ўлароқ хизматларига қаратилди.
Кўпчиликка адабий ва маърифий фаолияти билан танилган Алишер Навоий аслида сўнгги темурийлар даври сиёсий ҳаётида жуда катта ўрин тутган шахс ҳамдир.
Миллий ва чет эллик олимлар қатнашган тадбир ҳам унинг миллий давлатчилигимиздаги ўрни, сиёсий қарашлари, ижтимоий ва табиий фанларга муносабати, аллома меросининг ҳарбий тарихни ўрганишдаги аҳамияти бўйича илмий изланишлар натижаларига бағишланди, дейилади Фанлар академияси Тарих институти маълумотида.
Халқаро илмий йиғинни бошлаб берган Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Алишер Навоийнинг давлатчилик тарихимиздаги ўрнини ўрганишнинг долзарблиги, бу борада мутахассислар тайёрлаш заруратини таъкидлаб ўтди.
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Одил Зарипов Алишер Навоийнинг сиёсий фаолияти: муҳрдорлик, вазирлик ва ҳоким сифатида ўз вазифасини оқилона юритгани, у томонидан амалга оширилган ободончилик ишлари, ижтимоий ислоҳотлари ва темурийлар бошқарувининг сўнгги йилларида оғир кечган сиёсий жараёнларда тутган тарихий ўрнига тўхталди.
Туркиялик тарихчи олим, профессор Юсуф Четиндоғ диққатни Алишер Навоийнинг тарихда катта из қолдирган усмоний турк султонларига давлатчилик масалаларида ўрнак бўлгани билан боғлиқ катта илмий масалага қаратди.
Польшанинг Ягайло университети Туркология бўлими тадқиқотчиси Ҳилол Ойтун Алтун Алишер Навоийнинг Польшада бир нусхаси сақланувчи “Тарихи мулуки ажам” асарини манбашунослик нуқтаи назаридан ёритиб берди.
Тадбирда шунингдек, Тарих инситути кичик илмий ходими Ислом Бўриев, сиёсий фанлар доктори, профессор Фазлиддин Равшанов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Низомиддин Гулбоев ва бошқа олимларнинг таҳлиллари тингланди.
“Алишер Навоий – буюк тарихий шахс ва давлат арбоби” халқаро илмий йиғинида эълон қилинган илмий натижалар, маърифий фикрлар халқимиз, айниқса, ёшларнинг буюк бобомизнинг серқирра давлатчилик, маърифий ва ижодий фаолияти бўйича тасаввурларини бойитишга хизмат қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА