Бухоро вилояти Бандлик бош бошқармаси, Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази, Ташқи меҳнат миграция агентлиги ҳамда Германиянинг “NoVo Agency” va “GP Care Solutions” ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига асосан, бухоролик тажрибали тиббиёт ходимлари эндиликда Германия тиббиёт муассасаларида ишлашлари мумкин.
Германия Федератив Республикасида фаолият кўрсатаётган “NoVo Agency” компанияси директори Др. Нофиза Воҳидова ва “GP Care Solutions” компанияси директори Франк Уве Шнайдер Бухорода мазкур масалани ўрганиш мақсадида Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлди, яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги келишувларига асосан иш берувчининг талаби билан танловдан муваффақиятли ўтган фуқаролар шартнома асосида ташкилий равишда ишга жойлаштирилади.
“Ишга марҳамат” мономарказида Германия Федератив Республикасининг тиббиёт муассасаларида ишлаш истагини билдирган, иш тажрибасига эга бўлган тиббиёт ходимлари ҳамда тингловчиларни ўқитиш учун немис тили фани ўқитувчилари суҳбатдан ўтказилди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар 10 ой давомида махсус ўқув курсларида ўқитилади.
Шунингдек, меҳмонлар Бухоронинг кўҳна “Арк” қўрғони, “Минарои калон”, “Лаби ҳовуз” каби қадимий мажмуалари бўйлаб саёҳат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА