Бухорода аҳоли муаммолари, суд-ҳуқуқ масалаларига бағишлаб Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, қатор вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар бошланди.
Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Республика Ишчи гуруҳи раҳбари Бахтиёр Исломов, Республика Бош прокурори ўринбосари Шуҳрат Узоқов, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Икром Муслимов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Баҳодир Мирзараҳимов, Президент Администрацияси бош инспектори Турғунбой Буваев, вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари қатнашди.
Сайёр қабулнинг биринчи кунида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича жами 196 нафар фуқаро қабул қилинди. Уларнинг 66 таси жиноят, 103 таси фуқаролик, 19 таси маъмурий, 8 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга мурожаат қилди. Шундан 137 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 59 та фуқаронинг ёзма мурожаати мутасаддилар томонидан кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг 77 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 60 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. 59 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Қабулда жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан 4 нафар шахс жазони ўташ муддатидан олдин озод қилинди. Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 1 фуқаро оқланди, 7 фуқарога нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш суд мажлисида кўрилди. Унинг аризаси қаноатлантирилиб, маъмурий иш юритишдан тугатилди. Битта шикоят бўйича суд қарорлари ижроси тўхтатилди, 38 шахсга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилди. Натижада 14 нафар вояга етмаган фарзанди бор 9 та оила яраштирилди.
[gallery-1611]
Оммавий сайёр қабулнинг дастлабки кунида Республика ва вилоят мутасаддилари иштирокидаги оммавий қабул давомида ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатлари ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ички ишлар, прокуратура ва суд ишлари билан боғлиқ мурожаатлар тингланди. Шунингдек, уй-жой таъминоти, соғлиқни сақлаш, жойларда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун банк имтиёзли кредит маблағи ва ер майдонини ажратиш, қолаверса, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик йўналишларига оид 500 тадан ортиқ мурожаат атрофлича ўрганилди.
– Ўзим оилам билан кўп йилдирки, вилоят марказида яшайман, аммо Ромитан тумани “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган қайнопамдан менинг ўғлим номига турар жой мерос қилиб қолдирилган, – дейди оммавий қабулга қонуний ёрдам сўраб келган Нодира Ҳамроева. — Лекин мана, бир йилдирки, уйга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда қийинчиликка дуч келаяпмиз. Бу ҳам етмаганидек, ҳовлига олиб борадиган 80 метр йўлни қўшни томони ўзбошимчалик билан ёпиб, йўлини ковлаб ташлаган. Турар жойни номимизга ўтказиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлашга амалий кўмакка муҳтожмиз.
– Ўтган йилги пандемия даврида буюртмаларни вақтида бажара олмай, қийин вазиятга тушиб қолганмиз, – дейди Ғиждувон туманидаги “Royal Gaz servis” МЧЖ раҳбари Фаррух Ражабов. — Аммо фаолият вақтинча тўхтаб қолган давр учун ҳам солиқ ҳисобланган. Умуман, жамоамизга таъсирчан солиқ механизмини бекор қилишни, мутасаддилардан бизга қонунда белгиланган тартибда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилдим.
Сайёр қабуллар Бухоро вилояти бўйлаб давом этмоқда.
ЗарифКомилов, Тоҳир Истатов(сурат), ЎзА