Бухорода ёш полвонлар беллашмоқда
Юртимизда миллий спорт турларини ривожлантириш, айниқса, ёш авлодни соғлом ва баркамол тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, кураш спортини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нуфузли мусобақалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида кураш бўйича U-15 ёш тоифасидаги ўсмирлар (ўғил-қизлар) ўртасида Ўзбекистон чемпионатига расман старт берилди. Мазкур мусобақа республикамизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ёш полвонларни бир майдонга жамлаб, уларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиш учун катта имконият яратмоқда.

Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Кураш федерацияси вилоят бўлими раҳбари Ботир Зарипов иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларини самимий қутлади. Ҳоким мамлакатимизда миллий спорт турларини, хусусан курашни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак натижалар бераётганини таъкидлади. Шунингдек, барча иштирокчиларга омад, ҳалол кураш ва муносиб ғалабалар тилади.

Тадбир давомида кураш спортини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун Ботир Зарипов ҳамда вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов Кураш федерацияси томонидан тантанали равишда тақдирланди. Бу эса ҳудудда спортни қўллаб-қувватлаш ва уни янада оммалаштиришга бўлган эътиборнинг яна бир ифодасидир.

Мусобақа доирасида турли вазн тоифаларида қизғин ва муросасиз беллашувлар бўлиб ўтмоқда. Айниқса, финал баҳслари томошабинларда катта қизиқиш уйғотиб, спорт байрамига хос руҳни яққол намоён этмоқда. Ғолиб ва совриндорлар муносиб равишда диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур чемпионат жорий йилнинг 16 апрелига қадар давом этади ва у ёш спортчилар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди.
Бундай мусобақалар нафақат ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, балки миллий қадриятларимиздан бири бўлган кураш спортнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.