Бухорода тест синовлари якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул бўйича тест синовлари якунланди.
Тест синовлари 14–23 июль кунлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлими ҳамда Бухоро шаҳридаги «Семурғ» спорт мажмуасида ташкил этилди. Имтиҳонлар ҳар куни икки сменада ўтказилди. Ҳар бир сменада 3 минг 60 нафардан абитуриент иштирок этди. Вилоят бўйича тест топширувчиларнинг умумий сони 30 минг 269 нафарни ташкил қилди.
[gallery-30530]
Ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келганига қарамай, тест жараёнлари белгиланган тартиб асосида ташкил этилди. Абитуриентлар учун салқин ва қулай шароитлар яратилди, уларнинг ота-оналари ҳамда кузатувчилари учун кутиш жойлари ташкил этилди. Шунингдек, тест синовларини онлайн кузатиш имконияти ҳам таъминланди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, республика бўйича рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар юклаган 24 минг 526 та халқаро сертификат тасдиқланган. Шунингдек, умумтаълим фанлари бўйича 193 минг 186 нафар, чет тиллари бўйича эса 125 минг 354 нафар миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.
Жорий йилда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, тўғридан-тўғри танлов босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу таълим тизимида билим ва халқаро стандартларга мос малакани баҳолаш механизмлари тобора кенг қўлланилаётганидан далолат беради.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА