Бухорода педагоглар учун “Методик марафон” ташкил этилди
Бухоро вилоятида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган республика “Методик марафон” тадбири ўтказилди.
100 нафардан ортиқ педагог иштирок этган тадбирда тажрибали мутахассислар, методистлар ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди.
Марафон давомида ўқувчиларнинг математик, ўқиш ва табиий-илмий саводхонлигини ривожлантириш, бошланғич таълимда инновацион ёндашувларни қўллаш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, замонавий педагогик методларни таълим жараёнига татбиқ этиш юзасидан илғор тажрибалар ўртоқлашилди.
[gallery-32419]
Мазкур тадбир педагоглар учун ўзаро тажриба алмашиш, самарали ўқитиш усулларини оммалаштириш, касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони бўлди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА