Бухорода олимларнинг илмий мулоқоти ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари иштирокида илмий мулоқот ўтказилди. Унда В.Романовский номидаги Математика институти академиги Ўткир Розиқов ҳамда С.Азимов номидаги Физика-техника институти бош илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик Қодир Ғуломов иштирок этди.
Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов меҳмонларни олий таълим муассасасининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти, мавжуд инфратузилмаси ҳамда истиқболдаги ривожланиш лойиҳалари билан таништирди. Хусусан, университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янги кампус лойиҳаси, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун замонавий таълим, илмий-тадқиқот ҳамда ижтимоий инфратузилмани шакллантириш режалари ҳақида маълумот берилди.
Олимлар университетда фаолият юритаётган В.Романовский номидаги Математика институтининг Бухоро бўлинмасида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва ёш олимлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
[gallery-30930]
Илмий мулоқот давомида академик Ўткир Розиқовнинг математика, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект ривожланиш истиқболларига бағишланган маърузаси тингланди.
Маърузада сунъий интеллект технологияларининг математик асослари, замонавий алгоритмлар, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, мураккаб жараёнларни моделлаштириш ҳамда мазкур технологияларнинг истиқболдаги ривожи каби масалаларга эътибор қаратилди.
Академик Қодир Ғуломов инсоният эволюциясининг узоқ тарихий жараёнларидан бугунги замонавий тараққиёт босқичигача бўлган ривожланиш йўли, табиат қонуниятлари ва физикавий ҳодисаларга бағишланган маъруза қилди.
Мулоқотда профессор-ўқитувчилар, докторантлар, ёш олимлар ва талабалар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга олимлардан жавоб олди.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА