Бухорода камбағалликни қисқартиришда янги натижалар
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш ва ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар натижасида бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш бўйича мутлақо янги тизим шаклланмоқда. Бу жараёнда сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар ва депутатларнинг жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган фаолияти ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий масалалар ечими устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг шаҳар Кенгаши аъзолари, масъул ходимлар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Йиғилишни депутатлик гуруҳи раҳбари Руслан Загретдинов олиб борди.
Мажлиснинг асосий мавзуси Бухоро шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича 2026 йилнинг январь–май ойларида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланди. Бу борада шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Бобир Халиловнинг ахбороти эшитилди.
Тақдим этилган маълумотлардан кўриниб турибдики, қисқа муддат ичида салмоқли натижаларга эришилган. Хусусан, 21,9 минг нафар аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди, 5 мингдан ортиқ фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 5,6 мингдан зиёд иш ўрни легаллаштирилди. Шунингдек, 11,2 минг нафар фуқаронинг даромадини оширишга қаратилган манзилли хизматлар кўрсатилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида Бухоро шаҳрида камбағаллик даражаси 1,5 фоизгача туширилган. Энди маҳаллабай ёндашув асосида ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадини ошириш орқали йил якунига қадар Бухоро шаҳрини камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ режалар амалга оширилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар эришилган натижалар билан бирга, мавжуд вазифаларга ҳам танқидий ёндашиб, аҳоли бандлигини янада ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, масъул ташкилотларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир маҳалладаги реал ҳолатни чуқур ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, ҳар бир фуқаронинг бандлиги ва даромад манбаини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади. Бу эса нафақат иқтисодий барқарорликни, балки аҳолининг давлатга бўлган ишончи ва эртанги кунга ишончини ҳам мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири