Бухоро вилоятидаги кўп тармоқли тиббиёт марказида илк маротаба 43 ёшли эркакда буйрак трансплантацияси амалга оширилди.
Тиббиёт марказида кўплаб мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилган. Бироқ буйрак трансплантацияси биринчи маротаба республиканинг етакчи мутахассилари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
–Ўзида мазкур мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишга розилик билдирган биринчи бемор 43 ёшли Фахриддин Бафоев, – дейди марказ директори Абдураҳмон Норов.
– У бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги билан даволаниб келади. Буйрак кўчириш учун хорижга чиқишга имкони бўлмагани сабаб юртимизда йўлга қўйилган амалиёт унга умид бағишлади.
Фахриддин Бафоевга синглиси донорлик қилмоқда.
[gallery-5052]
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам аъзолар ва тўқималари трансплантация қилинишига муҳтож бўлган минглаб беморлар мавжуд. Жумладан, 500 нафар бемор жигар, 1 минг 500 нафар бемор буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги аниқланган.
Қолаверса, юрак, ўпка трансплантациясига муҳтожлар ҳам борлиги мазкур йўналишда кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш, бу турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини юртимиздаги тиббиёт марказларида йўлга қўйишни тақозо қилади. Негаки, хорижда бундай амалиётлар жуда қиммат ва юртдошларимиз учун бирмунча ноқулайдир.
Шунга кўра, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда илк маротаба буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти пойтахтда амалга оширилгач мазкур турдаги операциялар эндиликда вилоятларда ҳам амалга оширилмоқда.
Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантацияси қилиш амалиётини юртимизда йўлга қўйилиши учун қонуний асослар ва зарур тиббий хизматлар ташкил этилгани Фахриддин ака сингари минглаб беморларга яшаш умидини уйғотмоқда.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА