Бухорода Газли газни қайта ишлаш заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланишича, Газли ҳудудида йирик газ кони ўтган асрнинг эллигинчи йилларида очилган бўлиб, дастлабки газ заҳираси деярли 500 млрд. куб метрни ташкил қилган. 1962 йилда конни ўзлаштириш бошланиб, табиий газ Бухоро-Урал газ қувури орқали Россияга жўнатилган.
Ҳозирда Газли минтақасининг мавжуд газ заҳираси 182 млрд. куб метрни ташкил қилади. 2017-2020 йиллар мобайнида ушбу ҳудудда олиб борилган геология қидирув ишлари натижасида 8 та янги газконденсати конлари Тўмарис, Жанубий Кульбешкак, Андакли, Шорқум, Шортак, Шарқий Хатар, Ўртақум, Жанубий Оққум очилган. Бу йўналишда ишлар давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини табиий газ ва нефть маҳсулотлари билан таъминлаш корхона олдида турган муҳим мақсадлардан бири.
Давлат раҳбари томонидан нефть-газ тармоғига кўрсатилаётган алоҳида эътибор сабабли тармоқда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Углеводородларни қазиб чиқариш йўналишида жорий йилда табиий газ қазиб чиқариш 33,6 млрд куб метрни (ўсиш 100,3 фоиз), газ конденсати – 1 миллион 415 минг тонна (режага нисбатан – 99,4 фоиз), нефть – 204,0 минг тоннани (108,0 фоиз) ташкил этиши кутилмоқда.
Бунинг учун 121 та янги қудуқлар бурғуланган ва ишга туширилган. 600 та қудуқлар мукаммал ва жорий таъмирланган. Интенсификация қилиш ишлари амалга оширилган. 42 та технологик объектлар қурилган.
Келгуси йилда углеводород қазиб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2021 йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 33,9 млрд куб метрни ташкил этиши кутилмоқда.
2021 йилда Муборак минтақасида Алан, Зеварда, Денгизкўл конларида сиқув компрессор станцияси фойдаланишга топширилади. Бўзахур ва Тандирча конларида сиқув компрессор станцияларини қуриш бошланади.
Мазкур кўрсаткичларни таъминлаш учун 164 та янги қудуқлар бурғуланади. 600 та қудуқлар мукаммал ва жорий таъмирланади. 25 та технологик объектлар қурилади. Модернизация ва реконструкция қилинади.
Мураккаб геологик шароитга эга ва унумдорлиги паст бўлган нефть ва газ конлари инвентаризацияси натижасида 25 та кон (131 қудуқ) аниқланди. Ушбу конларни риск-сервис шартномалари асосида етакчи компанияларга углеводород қазиб чиқаришни ошириш учун бериш жараёни бошланди.
[gallery-597]
Геология-қидирув ишларини олиб бориш йўналишида жорий йилда табиий газ заҳираси 20 млрд куб метрга (қўшимча – 2 млрд куб метр), газ конденсати заҳираси 620 минг тоннага (20 минг тонна) ўстирилди.
2021 йилда табиий газ заҳирасини 35 млрд куб метрга (ўсиш 175 фоиз), газ конденсати заҳирасини 900 минг тоннага (150 фоиз) ўстириш режалаштирилган.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун 50 та қудуқлар бурғуланади. 19 та янги майдонлар бурғулашга киритилади. Давлат геология қўмитаси томонидан 2021 йилда излов бурғилаш ишларини олиб бориш учун “Ўзбекнефтгаз” жамиятига 15 та янги майдонлар тақдим этилди.
Тадбирда объектлар қурилишида фаоллик кўрсатганлардан бир гуруҳига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Маросимда «Ўзбекнефтгаз ” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ҳамда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА