Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари ҳамда ҳар бир туман-шаҳарлар бўлимлари қошида коронавирусга қарши эмлаш жараёнини тизимли ташкиллаштириш ва бошқариш мақсадида штаблар тузилди.
Штабларга тегишли мутахассислар бириктирилди. Ҳозирги кунда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари томонидан аҳолини босқичма-босқич коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнига пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
– Эмлаш жараёнида санитария қоида ва меъёрлари талаблари ижросини таъминлаш мақсадида даволаш-профилактика муассасаларида эмлаш пунктлари етарли даражада тўла жиҳозланган бўлиб, ҳар бир эмлаш пунктларида махсус гуруҳлар ташкиллаштирилди, – дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаев. – Улар таркибига малакали врач, вакцинатор, дублёр ҳамда регистраторлар графиклари тайёрланди. Эмлаш пунктларининг ҳар бирида шокка қарши ёрдам дорилари захираси яратилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ходимлари томонидан вилоятдаги ҳар бир даволаш-профилактика муассасалари кесимида эмланиши лозим бўлган аҳолининг рўйхати шакллантирилмоқда. Эмлаш жараёнларини камчиликсиз, беталофат ўтказиш мақсадида ташкиллаштирилаётган тизимли ишлар қаторида шокка қарши тез ёрдам кўрсатадиган тиббиёт ходимлар рўйхати тузилди. Алоҳида хоналарда койка-жиҳозлар ҳамда шокка қарши ва бошқа дори-дармонлар захираси таъминланди. Ҳозирги кунда эмланиши лозим бўлган аҳолининг манзилли картографикаси тузилиб, “Хавф ости гуруҳига мансуб” биринчилардан бўлиб эмланиши лозим бўлган аҳолини эмлаш пунктларига етказиб олиб келиш ва манзилига элтиб қўйиш мақсадида ҳар бир махсус эмлаш гуруҳларига автотранспорт бириктириш ва уларни ёқилғи мой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг кейинги режаларида “Хавфсиз иммунизапцияни” ташкил этиш жараёнида қатнашадиган врач, вакцинатор ва уларнинг дублёрлари тайёргарликларини янада ошириш учун семинар тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА