Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг сессиясида вилоятида 2020 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва 2021 йилдаги вазифалар бўйича йиғилиш бўлди.
Унда ушбу масала юзасидан вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Аскар Нозимовнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда 4 минг 963 та фермер хўжалиги мавжуд. 3 минг 361 та фермер хўжалигида кўп тармоқли (қўшимча) фаолият йўлга қўйилган. Туман ҳокимлари, тегишли ташкилот раҳбарлари ва туман тижорат банклари томонидан тасдиқланган Дастурларга кўра 2021 йилда вилоятда 980 та фермер хўжалиги 24 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятни бошлайди. Натижада 984 та лойиҳа амалга оширилади.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 37,2 гектар майдонда интенсив боғ, 64 гектар майдонда янги токзор ва 12,3 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилган. 4 та мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотлари, 2 та нон ва нон маҳсулотларини қайта ишлаш, 4 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 9 та фермер хўжаликларида совутгичли омборхоналар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
307 та фермер хўжаликларида қорамолчилик ва паррандачилик, 215 та фермер хўжаликларида балиқчилик ва асаларичилик, 179 та фермер хўжаликларида қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчилик, 79 та фермер хўжаликларида йилқичилик ва куркачилик, 116 та фермер хўжаликларида 120 та сервис хизматларини қамраб оладиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши мўлжалланган.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун жами 109 млрд 331 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Ушбу маблағларнинг 12 млрд 198 млн сўми тижорат банклари кредитлари, 97 млрд 133 млн. сўми фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан. Натижада қишлоқ жойларида 1 минг 369 та янги иш ўринлари яратилади.
Сессия ишида депутатлар томонидан 2021 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш Дастури тасдиқланди.
Зариф Комилов, ЎзА