Бухоро: янгиланишлар суръати, иқтисодий юксалиш ва янги тараққиёт марралари
Ташрифдан ташрифгача
Ҳар бир ташриф – янги вазифалар, янги ташаббуслар ва улкан бунёдкорлик ишлари учун туртки. Бухоро вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ишга туширилаётган инвестиция лойиҳалари, янгиланаётган инфратузилма ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар бу жараённинг ҳаётий ифодасига айланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига навбатдаги ташрифини бошлади. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янги ишлаб чиқариш қувватлари, инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиши, вилоятнинг келгуси тараққиётига дахлдор муҳим вазифаларни белгилаб бериши кутилмоқда.
Бу ташрифни фақат навбатдаги расмий сафар сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Зеро, Бухорода бугун кўзга ташланаётган ўзгаришлар замирида йиллар давомида шаклланган аниқ мақсадлар, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар, қабул қилинган қарорлар ва уларнинг изчил ижроси мужассам. Энг муҳими, бу жараёнда иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бир қаторда инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, ҳар бир маҳалла ва оила ҳаётига ижобий ўзгариш олиб кириш устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Ташрифдан ташрифгача Бухоронинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб, ҳудуднинг тараққиёт манзараси ўзгариб бормоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудуднинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноатни диверсификация қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсати муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 5 декабрдаги “Бухоро вилоятида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудуд иқтисодиётида янги босқични бошлаб берди. Унда белгиланган вазифалар саноатни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлди. Натижалар эса рақамларда ҳам яққол кўринмоқда.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 77,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоиз ўсиш қайд этилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 46,3 триллион сўмга, қурилиш ишлари 16,4 триллион сўмга, бозор хизматлари эса 39,7 триллион сўмга етди. Инвестициявий фаоллик ҳам изчил ўсмоқда. Тўққиз ой давомида 2,7 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 135 фоизга бажарилди. Экспорт ва туризм хизматлари ҳажми эса 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақамлар, аввало, вилоят иқтисодиётида янги ишлаб чиқариш қувватлари пайдо бўлаётгани, тадбиркорлар учун имкониятлар кенгаяётгани ва Бухоронинг халқаро иқтисодий ҳамкорликдаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Бухоронинг иқтисодий келажаги кўп жиҳатдан саноат салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, вилоятда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, Когон туманида барпо этилган “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркида умумий қиймати 216 миллион доллар бўлган 10 та истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг натижасида 955 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Пешку туманидаги “Taskazgan” графит конида Туркия компанияси билан ҳамкорликда 100 миллион долларлик графит қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасининг бошлангани ҳам муҳим воқеа бўлди. Бу нафақат янги саноат тармоғини шакллантириш, балки мавжуд табиий ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Ғиждувон эркин иқтисодий зонасининг Бухоро тумани ҳудудида эса Эрон инвесторлари иштирокида 340 миллион долларлик нефть-кимё кластерини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Қоровулбозор туманида 15 миллион долларлик модификациялашган олтингугурт ва комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 150 та янги иш ўрни яратилди.
Бу лойиҳаларнинг ҳар бири муайян ҳудуднинг иқтисодий ихтисослашувини кучайтириш, маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини кўпайтириш ва янги кооперация занжирларини шакллантиришга хизмат қилади.
Айниқса, саноатни фақат вилоят марказида эмас, балки туманлар бўйича ривожлантиришга эътибор қаратилётир. Чунки янги корхона туманга кириб келиши билан бирга, унинг атрофида транспорт, логистика, хизмат кўрсатиш, савдо ва бошқа йўналишларда ҳам иқтисодий фаоллик кучаяди.
Демак, бугунги вазифа фақат инвестиция жалб қилиш эмас, балки унинг натижасини аҳоли ҳаётида ҳис этиладиган даражага етказишдан иборат.
Иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси инсон ҳаётидаги ўзгаришларда намоён бўлади. Шу боис Бухорода аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва одамларни даромадли меҳнатга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биргина 2025 йилда вилоят бўйича 275 минг 931 нафар аҳолининг бандлиги таъминлангани бу борадаги ишлар кўламини кўрсатади. Хориждан қайтган қарийб 75 минг нафар меҳнат мигрантининг муаммолари ўрганилиб, уларнинг 72 мингдан ортиғи доимий ва мавсумий иш ўринлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятига йўналтирилди.
Шунингдек, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали оилалар даромадини оширишга қаратилган амалий ишлар ҳам кенгаймоқда. Жумладан, тегишли жамғарма ҳисобидан 20 миллиард сўмлик ссуда маблағлари ажратилиб, 5 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ихчам иссиқхоналар етказиб берилди. Бу аҳолини фақат иш билан таъминлаш эмас, балки унинг ўз меҳнати орқали мустақил даромад топиши учун шароит яратиш демакдир.
[gallery-32322]
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида доимий ишга жойлаштириш бўйича белгиланган режа ҳам ортиғи билан бажарилди. 35 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилган бўлса, амалда 41,8 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди.
Ғиждувон туманида 70 та маҳаллада 1 минг 899 та микролойиҳанинг шакллантирилиши ҳам маҳаллабай ишлаш тизимининг амалий натижасидир. Туманни сунъий интеллект ва илғор технологиялар ёрдамида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида қиймати 1,7 триллион сўмлик 43 та истиқболли лойиҳа рўйхати шакллантирилгани эса келгуси тараққиёт учун янги имкониятлар очмоқда.
Аслида, ҳар бир янги иш ўрни ортида бир оиланинг барқарор даромади, фарзандлар таълими ва келажагига бўлган ишонч, жамиятдаги ижтимоий барқарорлик мужассам. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги ишлар ислоҳотларнинг энг муҳим мезони бўлиб қолмоқда.
Бухоро замини азалдан деҳқончилик ва чорвачилик анъаналари билан машҳур. Бироқ бугунги шароитда анъанавий тажрибанинг ўзи етарли эмас. Ер ва сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш давр талабига айланди. Шу боис вилоятда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
2026 йилда фойдаланишга киритилиши белгиланган 13,7 минг гектар ер майдони бўйича амалий ишлар олиб борилиб, 13 минг 559 гектар ер ўзлаштирилди. Бу ҳудуднинг аграр салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча маҳсулот етиштириш ва янги даромад манбаларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Пахтачиликда эса Хитойнинг Шинжон ҳудудида қўлланилаётган илғор технологиялар асосида қўшқатор экиш, плёнка ва томчилатиб суғориш усулларини жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, қўл меҳнатини камайтириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
“Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери тажрибаси асосида кичик контурларни бирлаштириш, ерларни лазерли текислаш ва сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш ҳам соҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жондор туманида Жонгелди ва Алели ҳудудларида янги ер майдонларининг ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги оборотига киритилиши эса ер ресурсларидан фойдаланиш борасидаги имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаганини кўрсатади. Эътиборли жиҳати, агротехник тадбирларда агродронлардан фойдаланиш учун ҳуқуқий асослар яратилиши соҳада рақамли технологиялар даври бошланаётганидан далолат беради.
Сув танқислиги сезилаётган ҳудудда бу каби ёндашувлар айниқса муҳим. Зеро, Бухорода ҳар бир томчи сувнинг қадри бор. Шу боис сув тежовчи технологиялар, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш келгуси йилларда ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Сўнгги йилларда Бухоро шаҳри ва туманлар қиёфасида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда. Замонавий турар жойлар, хизмат кўрсатиш масканлари, сайилгоҳлар ва янги транспорт инфратузилмаси ҳудуднинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий муҳитини ҳам ўзгартирмоқда.
Бухоро шаҳридаги “Buxoro Siti” мажмуасида замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази билан бир қаторда сайилгоҳлар, фавворалар, кўнгилочар масканлар ва ресторанларнинг барпо этилиши шаҳарнинг янги қиёфасини шакллантирмоқда.
Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ маҳалласида вилоятнинг янги маъмурий марказини барпо этиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Муҳандислик-коммуникация тармоқларини яратиш, ташқи газ, ичимлик суви, оқова сув ва электр таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ушбу ҳудуднинг келгусидаги имкониятларини белгилаб беради.
Шаҳарсозликда замонавий режалаштиришга ўтилаётгани ҳам муҳим. Вилоятда 62 та массивнинг мастер-режалари ишлаб чиқилгани, туну кун фаолият кўрсатадиган 54 та кўчада ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ҳудудларни комплекс ривожлантиришга бўлган ёндашув ўзгараётганини англатади.
Транспорт тизимидаги янгиланишлар ҳам аҳоли кундалик ҳаётида сезиларли қулайликлар яратмоқда. Бухоро шаҳрида жамоат транспортида йўл ҳақини электрон шаклда тўлаш тизимининг тўлиқ жорий этилиши, Хитойдан 237 та замонавий автобус харид қилиниб, йўналишларга чиқарилиши бу борадаги муҳим қадамлардан бўлди.
Бундан ташқари, Жаҳон банкининг “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Ғиждувон ва Шофиркон туманларининг фазовий режалари ишлаб чиқилмоқда. Бу эса келгусида аҳоли пунктларини режали ривожлантириш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Бухоронинг дунёга машҳурлиги, аввало, унинг бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари ва маънавий мероси билан боғлиқ. Бугунги вазифа эса ана шу меросни асраб-авайлаш баробарида уни замонавий туризм инфратузилмаси билан уйғунлаштиришдан иборат.
Шу мақсадда вилоятда зиёрат, маданий, экологик ва рекреацион туризм йўналишларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Чор Бакр” меъморий мажмуасида сизот сувлари сатҳини пасайтириш учун тик дренаж қудуқлари қазилиб, ҳудуд замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, юқори тезликдаги Wi-Fi ва онлайн видеокузатув тизими билан таъминланмоқда. Франциянинг нуфузли архитектура компаниялари билан ҳамкорликда мажмуа мастер-режасини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
“Тўдакўл” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳам вилоят туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Шунингдек, Зарбдор тумани тажрибаси асосида вилоятнинг саккизта туманида соҳилбўйи драйвер лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида дарё ва каналлар бўйларида замонавий хизмат кўрсатиш ҳамда дам олиш масканлари ташкил этилмоқда.
Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан чекланмайди. Улар маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини ҳам яратади.
Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида “Янги Бухоро” халқаро аэропортини қуриш ҳақида муҳим топшириқ берган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро туманидан янги халқаро аэропорт ҳамда унга олиб борувчи автомобиль йўлларини қуриш учун жами 370 гектар ер майдони танланди. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Лойиҳага кўра, бу ерда узунлиги 3,3 км бўлган барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятига эга бўлган учиш-қўниш йўлаги, соатига 1 200 йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган аэровокзал биноси қурилади. Умуман, 226 миллион АҚШ долларлик лойиҳа жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмасини ташкил этади.
Бугун иқтисодий ўсишни таъминлашда мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Энергия ресурсларини тежаш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологияларни қўллаш ва инфратузилмадаги йўқотишларни камайтириш борасида ҳам Бухорода муайян натижаларга эришилмоқда.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 123,3 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда 50,3 миллион куб метр табиий газ тежалди.
Бу кўрсаткичлар иқтисодиётдаги самарадорлик фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан эмас, балки ҳар бир ресурсдан унумли фойдаланиш билан ҳам белгиланишини кўрсатади.
Албатта, эришилган натижалар Бухоро тараққиётининг муҳим босқичи, холос. Олдинда ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар, ишга туширилиши кутилаётган лойиҳалар ва тўлиқ ишга солиниши зарур бўлган имкониятлар талайгина.
Энг аввало, жалб қилинаётган сармояларнинг реал иқтисодий самарасини таъминлаш, лойиҳаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш, янги иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва аҳоли даромадларини янада кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, туман ва маҳаллаларнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, уларни ривожлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш ҳам долзарб вазифалар сирасига киради.
Президентимизнинг навбатдаги ташрифи ана шу вазифаларни янги босқичга олиб чиқиши, амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшимча суръат бағишлаши билан аҳамиятлидир.
Ташрифдан ташрифгача Бухоро ўзгармоқда. Кечаги режалар бугун амалий натижага, бугунги лойиҳалар эса эртанги тараққиёт пойдеворига айланмоқда. Янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, обод маҳаллалар, равон йўллар ва кенгайиб бораётган хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳудуднинг янги қиёфасини шакллантирмоқда.
Энг муҳими, бу ўзгаришлар инсон манфаатларига хизмат қилиши, ҳар бир оила ҳаётида ижобий акс этиши керак. Зеро, тараққиётнинг ҳақиқий мезони қурилган иншоотлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билангина эмас, балки одамларнинг ҳаёти қанчалик яхшиланаётгани, уларнинг эртанги кунга ишончи қай даражада мустаҳкамланаётгани билан белгиланади.
Бухоро бугун ана шу мақсад сари дадил одимламоқда. Президентимизнинг навбатдаги ташрифи эса ҳудуд тараққиётида янги марралар, янги ташаббуслар ва янги имкониятларга йўл очиши, шубҳасиз.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари