Кўҳна ва боқий Бухорода Марказий Осиё волейбол ассоциацияси (CАVА) шафелигида ва Ўзбекистон волейбол федерацияси ташаббуси билан талабалар (ўғил ва қиз болалар) ўртасида Марказий Осиё чемпионати бошланди.
Беллашувлар “Универсал” спорт мажмуаси залида ўтказилади. Бухорода илк бор ташкил этилаётган нуфузли мусобақада мамлакатимиз ва Марказий Осиёнинг энг кучли 16 жамоаси ғолиблик учун беллашади. Улар нафақат ўз мамлакатларининг, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг спорт салоҳиятини намоён этади.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди ва иштирокчиларга муваффақият тилади.

Таъкидланганидек, бу чемпионат нафақат спорт соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ифодаси, балки қўшни давлатлар ёшлари ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.