🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда

Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жамият
Танлаш
12:45 / 19.07.2024

Бухоро вилояти Жондор тумани “Поччойи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Ж.Ш. ўзи яшайдиган маҳалла ҳудудидан бир туп манзарали дарахтни қуриган деб, кесиб ташлаган. Бу ҳақида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан дарахтни кесган фуқаронинг маҳалладошлари туман инспекцияси инспекторларига қўнғироқ қилиб, мурожаат қолдирган. Натижада мурожаатга асосан туман инспекторлари айтилган манзилга бориб қуриган деб кесилган дарахтни, махсус ўлчовчи асбоб ёрдамида ўлчаганда дарахт қуримаганлиги аниқлаган.  

Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаси билан 9 миллион 180 минг сўм жарима ҳамда табиатга етказилган зарар ҳисобланган. Шунингдек, бир туп дарахт ўрнига куз мавсумида 100 туп манзарали дарахт кўчатларини экиш ҳамда 3 йил парвариш қилиш бўйича кафолат хати олинган.

***

Умумий қиймати 720 миллион сўмни ташкил этувчи товарни Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Олот” чегара божхона пости орқали ноқонуний тарзда олиб ўтишга бўлган уриниш бартараф этилди.

Маълум бўлишича, хорижий йўналиш бўйлаб ҳаракатланган юк автомашинаси “Олот” чегара божхона постига кириб келгач, тегишли божхона назоратидан ўтказилган. Дастлаб, инспекцион кўрик мажмуасидан олинган рентген тасвири ва юк кузатув ҳужжатларининг ўзаро мос келмаганлиги тегишли божхона кўригидан ўтказиш лозимлигини кўрсатди.

Гумонларга ойдинлик киритиш мақсадида амалга оширилган божхона кўригида божхона юк декларациясида қайд этилмаган 500 дона “Музлатгич ва кондиционер учун Фреон” товарлари борлиги аниқланди.

Маълумот учун, Озонни емирувчи моддаларни Республикамиз божхона чегаралари орқали олиб кирилишида тегишли назорат органларининг  рухсатномалари талаб этилади.  Буни қарангки, божхона тартиб-қоидаларини четлаб ўтишга уринган “уддабурон”лар мазкур товарларни ҳужжатларда гўёки “металлдан ясалган бўш газ баллонлари” дея кўрсатиш орқали тегишли тартибларни четлаб ўтишни мақсад қилган эди.  

Мазкур товарлар вақтинча сақловга олинди. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.

Муаллиф: zarifkomilov