Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида амалга оширилаётган “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳасига старт берилди. Умумий қиймати 437,62 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш-бунёдкорлик ишлари доирасида 12 та ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Жумладан, ушбу лойиҳа асосида 90 минг хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. 43 та маҳалладаги 137,5 минг нафар аҳоли илк бор оқова тизимига уланади.
25 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Қоровулбозор туманида ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади. Тўғри, нефтчилар шаҳарчасида хонадонлар марказлашган тармоққа уланган. Аммо чўл бағридаги 3 та маҳалла аҳолиси тортилганига 40 йил бўлган қувурларнинг яроқсизлиги, сув ўтказиш қобилияти паст ва сифатсизлиги сабаб анчагина қийинчиликларга дуч келаётган эди. Шунинг учун мазкур лойиҳа айнан Қоровулбозор туманидан старт олди.
– Лойиҳа доирасида 3 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинади, – дейди “Бухоросувтаъминоти” АЖ директори ўринбосари Бахтиёр Назаров. – 9 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари тортилади. Айни кунда реконструкция ишлари бошланди. 2 та 500 кублик сув иншооти бутунлай янгидан бунёд этилади.
Қоровулбозордаги сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига қарийб 9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу билан туман аҳолиси 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳада келгуси 40 йилликдаги аҳоли ўсиши ва юзага келадиган талаблар ҳам тўлиқ инобатга олинган. Қоровулбозор туманида мазкур лойиҳа асосида 4 та оқова сув насос станциясини қуриш ва 47,3 километр тармоқ тортиш ишлари ҳам амалга оширилади. Бу билан 4 та маҳалланинг 14 мингдан ортиқ аҳолиси илк бор оқова сув тармоқларига уланади.
Мазкур халқаро инвестиция лойиҳасининг натижадорлиги боис Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти кўрсаткичи 17,5 фоиздан 92 фоизга етади. Маълумот учун, охирги 6 йилда Бухоро вилоятида Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси сув таъминотини яхшилаш бўйича қиймати 139 миллион АҚШ доллар ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарлари оқова тизимларини реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 55 миллион АҚШ доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилди. Бу вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти 51 фоиздан 73,1 фоизга, оқова хизмати билан таъминланганлик даражасини 9,2 фоиздан 16 фоизга оширди.
– Туманимизда 170 мингга яқин аҳоли яшайди, – дейди “Бухоросувтаъминоти” АЖ Қоракўл филиали муҳандиси Байрам Қўчқоров. – Президент қарори асосида 150 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Яқин кунларда туман аҳолиси 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Қисқа фурсатда амалга оширилган ишларга кишининг ишонгиси келмайди. Қоракўлдаги ҳар бир маҳаллада бугун қад ростлаган улкан сув минораларини туманга қайта ҳаёт бахш этаётган мўъжизага ўрнатилган монументга қиёслаш мумкин.
[gallery-16847]
Яна бир муҳим жиҳат, амалга оширилган ишлар натижасида олис тумандаги аҳоли хонадонларидан ташқари, саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ҳам тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бу ҳам юртимиз эртаси бўлган ёш авлоднинг соғлом ҳолда камолга етиши йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. 2024 йилда мақсадлар катта олинган. Аввало, вилоятдаги 2 та сув иншоотларига қуёш панеллари ўрнатилади. Эскирган 19 та сув насосларини энергия тежамкор насосларга алмаштириш ҳисобига 680 минг киловатт-соат электр энергиясини тежашга эришилади. Энг муҳими давлатимиз раҳбарининг Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси сув таъминотини яхшилаш бўйича “Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, бу икки туман 100 фоиз ичимлик сувига эга бўлган ҳудудлар тоифасига киритилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари