Бухоро ва жиззахликлар Наманган саёҳатида
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқарувининг ташаббуси билан юртимизда ички туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил!” шиори остида Бухоро ва Жиззах вилоятларидан элликдан зиёд нуронийлар, маҳалла тизими ходимлари, эхтиёжманд оилалар вакиллари Наманган вилоятига саёҳатда бўлди.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик парки, Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қараний” ва “Биби Наима” зиёратгоҳлари, Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археологик ёдгорлиги сафар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Наманганнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган халқаро гуллар фестивалининг юбилей – олтмиш бешинчи санаси ўзгача шукуҳда ўтиб, айниқса, 150 миллиондан ортиқ гуллар экилиб, Геннеснинг рекордлар китобидан ўрин олгани нафосат шайдоларини янада чорламоқда. Фестивалнинг асосий манзили – Бобур боғи, қолаверса, шаҳар кўчалари бўйлаб экилган ранго-ранг гуллар кўпчиликда таассуротлар қолдирмоқда.

“Афсоналар водийси” тематик паркидаги замонавий аттракционлар, кўнгилочар тадбирлар Наманганнинг туристик салоҳиятини оширишда ўз ўрнига эга. Чортоқ туманида экологик иқлими, балки Ислом оламидаги аҳамияти билан эътироф этилган “Султон Увайс Қароний” ва “Биби Наима” зиёратгоҳларида сақланаётган тарихий экспонатлар, айниқса, қадимий Қуръони Карим мусҳафи нусхаси туристлар оқимини кўпайтиради.
Уч минг йиллик тарихдан садо берувчи Ахсикент ёдгорлигига уюштирилган саёҳат давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган даврда яшаш шароити, ер ости сув тармоқлари билан таништирилди. Шунингдек, Сирдарё дарёси қирғоқларида яратилган дам олиш шароитлари иссиқ ҳавода бироз ҳордиқ чиқаришга айни муддао бўлди.

– Гуллар диёрига саёҳатлимиз биз кутгандан ҳам юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтди. Гуллар байрамида намойиш этилган мафтункор гулларни кўриб, табиат мўъжизаларидан завқ олдик. “Афсоналар водийси” паркида жойлаштирилган аттракционлар янада жозибали. Султон Увайс Қараний ва у кишининг онаси Биби Наима зиёратгоҳларини кўриш кўпчиликда бир умрлик эсда қоларли воқелик бўлди, – дейди бухоролик Роҳила Шодиева. – Мирзо Бобур киндик қони тўкилган Ахсикент қишлоғида яратилаётган музей ва ёдгорликларни ўз кўзимиз билан кўрганимизни яқинларимизга ўзгача руҳда гапириб берамиз. Сирдарё дарёсининг қирғоқларида ташкил этилган дам олиш жойларида, сув кемаларида сузиб завқ-шавқ олдик. Бундай мазмунли саёҳатни уюштиришда жонбозлик кўрсатган “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги раҳбариятидан беҳад миннатдормиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.