Бухоро тиббиётида сифат ва натижадорликка янгича ёндашув
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган. Бухоро вилоятида ҳам бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Бухоро шаҳридаги Тиббий диагностика марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов раҳбарлигида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 2026 йил якунига қадар амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти, тиббиёт муассасалари бош врачлари ҳамда соҳанинг масъул мутасаддилари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш ва замонавий тиббий инфратузилмани шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бухоро вилоятидаги ишлар ҳам ана шу эзгу мақсад — инсон қадри ва саломатлигини энг олий мезон сифатида таъминлаш тамойили асосида ташкил этилмоқда.

Йиғилишда Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Мухсин Ражабовнинг 2026 йилнинг етти ойида амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тақдимоти тингланди.
Муҳокамаларда соҳада эришилган натижалар билан бир қаторда, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш ва ҳар бир муассаса фаолиятида аниқ натижага эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун замонавий тиббиёт фақат янги бино ёки замонавий ускуна билан эмас, аввало, беморга бўлган муносабат, ташхиснинг аниқлиги, даволаш самарадорлиги ва шифокор масъулияти билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, йиғилишда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳам айнан сифатли хизмат — қониққан бемор — соғлом жамият тамойилига уйғунлиги билан аҳамиятлидир.
Йиғилишда тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари алоҳида муҳокама қилинди.

Хусусан, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Бухоро вилояти филиали, вилоят патанатомия маркази, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда Тез тиббий ёрдам марказида амалга оширилаётган қурилиш ишларининг бориши танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди.
Мазкур объектлардаги ишлар нафақат қурилиш жараёни сифати, балки уларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, замонавий тиббий хизмат учун зарур шароитларни яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Шу боис, масъулларга ҳар бир объект бўйича аниқ вазифалар топширилиб, қурилиш сифатини таъминлаш, муддатларга қатъий риоя қилиш ва мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли йўл-йўриқлар берилди.
Йиғилиш доирасида Бухоро вилоятида йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлик субъекти вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда таклиф этилаётган лойиҳанинг мазмун-моҳияти, уни амалга ошириш имкониятлари, соҳа ривожига қўшадиган ҳиссаси ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Бу каби ташаббуслар тиббиёт соҳасига замонавий технологиялар, янги хизмат турлари ва инвестицияларни кенг жалб этиш, энг муҳими, аҳоли учун тиббий хизматнинг янги сифат босқичини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Йиғилиш якунида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича соҳа раҳбарларига аниқ вазифалар топширилди.
Бунда ҳар бир раҳбар ва мутасадди зиммасига юклатилган масъулиятни кучайтириш, ижрони қоғозда эмас, амалда таъминлаш, аҳоли мурожаатларига эътиборни ошириш ва ҳар бир йўналишда натижадорликка эришиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Зеро, тиббиётдаги ҳар бир ўзгаришнинг ортида инсон тақдири, унинг ҳаёти ва саломатлиги туради. Янги бино, замонавий жиҳоз, илғор технология ва малакали мутахассис — буларнинг барчаси бир мақсадга, яъни инсонга муносиб тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилсагина ҳақиқий самара беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири