Бухоро шўрданагининг довруғи
“Бухоро шўрданаклари” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
Баъзи маҳсулотлар борки, уларни оддий таом ёки озиқ-овқат маҳсулоти сифатидагина баҳолаб бўлмайди. Уларда халқнинг тарихи, меҳнати, турмуш тарзи, табиат ва замин билан уйғунлашган тажрибаси мужассам бўлади. Бухоро шўрданаги ҳам ана шундай ноёб миллий қадриятларимиздан бири.
Ўзининг ўзига хос таъми, хушбўйлиги, тайёрланиш усули ва Бухоро воҳаси билан чамбарчас боғлиқлиги билан ажралиб турадиган шўрданак асрлар давомида маҳаллий аҳоли дастурхонидан муносиб ўрин эгаллаб келган. Бугун эса бу анъанавий маҳсулотга нафақат миллий мерос, балки ҳуқуқий муҳофаза нуқтаи назаридан ҳам юксак баҳо берилди.
Бу — бир номнинг рўйхатга олиниши эмас. Бу Бухоро заминида шаклланган меҳнат ва тажрибанинг, асрлар давомида сайқал топган анъананинг, маҳаллий маҳсулотнинг ўзига хос қиёфасини ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этишдир.
Шўрданакни таърифлаш учун биргина “мазали маҳсулот” деган сўз камлик қилади. У — Бухоро воҳасининг табиати, маҳаллий деҳқончилик тажрибаси ва миллий пазандачилик маданияти уйғунлашган анъанавий маҳсулот.
Шўрданакнинг ўзига хослиги, аввало, уни тайёрлаш жараёнидаги миллий усуллар, хомашёни танлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш анъаналари билан боғлиқ. Унинг таъмида Бухоро воҳасининг ўзига хос табиати, меҳнаткаш деҳқоннинг тажрибаси ва авлодлардан мерос бўлиб келаётган маҳорат мужассамдек. Шу боис Бухоро шўрданаги — дастурхонга тортиладиган маҳсулотгина эмас, балки воҳа маданиятининг таъмдаги ифодаси, авлодлар хотираси ва миллий таом тайёрлаш анъаналарининг ўзига хос давомидир.
Бухоро қадимдан нафақат илм-фан, меъморчилик ва ҳунармандчилик, балки ўзига хос пазандачилик маданияти билан ҳам машҳур бўлиб келган. Воҳа аҳолиси асрлар давомида маҳаллий иқлим ва табиий шароитдан оқилона фойдаланиб, турли маҳсулотларни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг ўзига хос усулларини шакллантирган.
Шўрданак тайёрлаш маданияти ҳам ана шу бой тажрибанинг бир қисми сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган. Энг қадрлиси, бу анъана замонлар ўзгаришига қарамай йўқолиб кетмади. Аксинча, халқ хотирасида, хонадонлар дастурхонида ва маҳаллий таом тайёрлаш маданиятида ўз ўрнини сақлаб қолди. Бугун унинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши эса ана шу меросни замонавий ҳуқуқий механизмлар орқали асрашга хизмат қилади. Бунинг энг муҳим жиҳатларидан бири — “Бухоро шўрданаклари” номининг ҳуқуқий муҳофазаси таъминланишидир. Энди мазкур ном муайян ҳудуд, маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари ва унинг келиб чиқиши билан боғлиқ ҳуқуқий қадрият сифатида янада мустаҳкамланади. Бу эса бир нечта муҳим натижаларни таъминлайди.
Аввало, маҳсулотнинг Бухоро ҳудудига мансублиги ва уни бошқа маҳсулотлардан ажратиб турувчи ўзига хос хусусиятлари ҳимоя қилинади. Иккинчидан, истеъмолчи учун маҳсулотнинг ҳақиқий келиб чиқиши ва сифати ҳақида ишончли тасаввур шаклланади. Учинчидан, Бухоро шўрданагини ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш, унинг брендини шакллантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланади. Бу айниқса, бугунги бозор шароитида муҳим. Чунки дунёда истеъмолчилар нафақат маҳсулотнинг таъми ва сифатига, балки унинг қаерда, қандай анъана асосида ва қандай ҳудудга хос тарзда тайёрланганига ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.
“Бухоро шўрданаклари” нинг географик кўрсаткич сифатида эътироф этилиши Бухоро учун яна бир муҳим имконият эшигини очади. Энди бу маҳсулотни туризм билан боғлаш, миллий гастрономик меросимизни хорижлик меҳмонларга кенг намойиш этиш, маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш ва янги бозорларга чиқариш учун янада катта имконият пайдо бўлади. Зеро, сайёҳ учун Бухоро фақат қадимий обидалар шаҳри эмас. Бу — ўзининг тарихи, ҳунармандчилиги, меҳмондўстлиги ва бетакрор миллий таомлари билан жозибадор бўлган ўлка. Бухорога келган меҳмон учун унинг ўзига хос таомлари ва маҳсулотларидан татиб кўриш ҳам саёҳатнинг унутилмас қисмига айланиши мумкин.
Шу маънода, Бухоро шўрданаги — гастрономик меросимизнинг ўзига хос элчиси бўлиши учун барча имкониятларга эга.
Географик кўрсаткичнинг ҳуқуқий муҳофазаси маҳсулотнинг қадрини нафақат маданий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам оширишга хизмат қилиши мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сифатни таъминлаш, маҳсулотни замонавий қадоқлаш, унинг брендини яратиш ва бозорини кенгайтириш имкониятлари ортади. Энг муҳими, маҳсулотга бўлган талабнинг ошиши уни етиштириш ва тайёрлаш билан боғлиқ занжирда янги иш ўринлари, янги тадбиркорлик ташаббуслари ва қўшимча даромад манбаларини юзага келтириши мумкин. Демак, бугун ҳуқуқий муҳофазага олинган «Бухоро шўрданаклари» номи эртага Бухоронинг гастрономик брендига, маҳаллий тадбиркорлар учун янги имкониятга ва миллий маҳсулотлар экспортининг яна бир йўналишига айланиши мумкин.
Ҳар бир халқнинг уни бошқалардан ажратиб турадиган рамзлари бўлади. Кимдадир бу — мусиқа, кимдадир ҳунармандчилик, яна кимдадир ноёб таомлар. Бухоро шўрданаги эса ўзининг таъми орқали воҳа тарихини сўзлайди. Унда авлодлар тажрибаси бор. Унда деҳқон меҳнати бор. Унда миллий дастурхон файзи бор. Унда Бухоронинг ўзига хослиги бор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири