Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бошқарма ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида “Madad oila grant plyus” оилавий корхонаси раҳбари М.Ф.нинг аризасига асосан 2023 йил 21 декабрда тезкор тадбир ўтказилди. Натижада “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”АЖ Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси ASKUE муҳандиси М.Ж.(исмлар шартли) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ариза муаллифи М.Ф.ни алдаб, ишончини суистеъмол қилади. Аниқланишича, у бошқариб келаётган “Madad oila grant plyus” оилавий корхонасига тегишли бўлган, Бухоро шаҳар М.Иқбол кўчасидаги собиқ “Караван” ресторани ёнида жойлашган бинога ўрнатилган янги электр ҳисоблагич электр таъминоти корхонаси томонидан бепул берилган ва ўрнатилган бўлса-да, гўёки бунда ўзининг ваколатли танишлари орқали ёрдам берганлиги эвазига 4 миллион сўм беришни сўрайди. Натижада М.Иқбол кўчасидаги собиқ “Караван” ресторани ёнида жойлашган “Хўжа Исмат” савдо дўконида фуқаро М.Ф дан кимёвий ишлов берилган 1 миллион 500 минг сўм ва 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”АЖ Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонаси ASKUE муҳандиси М.Жга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири