Бухоро — дунё халқларини ўзига чорлаётган муқаддас маскан
Муқаддас қадамжолар, асрлар синовидан ўтган илм-фан ва маърифат анъаналари, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломалар мероси... Бухоро ҳақида гап кетганда, аввало, ана шундай улуғ тушунчалар хаёлга келади. Бугун эса бу қадимий замин нафақат тарих ва хотира, балки турли халқлар ва маданиятларни бирлаштирадиган халқаро маърифий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни, хусусан, зиёрат туризмини янги босқичга олиб чиқиш, Ўзбекистоннинг бой исломий мероси, буюк алломалари ва кўп асрлик диний-маърифий анъаналарини жаҳонга кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз ташаббуси ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга танитиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш, зиёратчилар учун муносиб шароит яратиш ҳамда Ўзбекистонни халқаро зиёрат туризмининг муҳим марказларидан бирига айлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда Бухоронинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Зеро, бу заминда ҳар бир кўча, ҳар бир мадраса, ҳар бир мақбара гўё асрлар бағридан хабар бериб турган тирик тарихдир. Бу ерда Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний сингари буюк аллома ва авлиёларнинг маънавий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар мавжуд.
Эътиборлиси, Бухоронинг ушбу улкан маънавий салоҳияти хорижда ҳам тобора кенг эътироф этилмоқда.


Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар самараси хорижий сайёҳлар оқимида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Малайзиядан Бухоро вилоятига ташриф буюрган туристлар сони 1,6 баробарга ошгани бу йўналишдаги ҳамкорлик салоҳияти ниҳоятда катта эканини кўрсатмоқда.
Айниқса, Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софиянинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларга янги мазмун бағишлади. Ушбу ташрифдан сўнг қироллик оиласи томонидан Жохор штати маъмуриятига Ўзбекистоннинг бой исломий тарихи ва маданияти, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, шунингдек, тарихий миллий анъаналарни асраб-авайлаб, замонавий шароитда ривожлантириб келаётган корхоналар тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга сафар ташкил этиш топширилди.
Бунинг ўзиёқ мамлакатимизнинг маънавий-тарихий мероси халқаро миқёсда қандай катта қизиқиш уйғотаётганининг яна бир ёрқин далилидир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги диний-маърифий, илмий ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Жохор штати бош котиби Мохаммед Ридҳа бин Абд Қодир, муфтий Яхё бин Аҳмад, Ислом дини кенгаши маслаҳатчиси Нуҳ бин Гадот бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Хорижий меҳмонларнинг Бухорога ташрифи оддий сайёҳлик сафаридан кўра кенгроқ маъно касб этади. Бу — икки халқнинг тарих, дин, илм-фан ва маънавият борасидаги умумий қадриятларини янада яқинлаштиришга қаратилган муҳим қадам.
Делегация ташриф дастури доирасида Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, тарихий зиёратгоҳ ва қадамжолари билан танишади.
Меҳмонлар учун бу масканлар шунчаки сайёҳлик объекти эмас. Улар асрлар давомида шаклланган улкан маънавий мерос, илм ва маърифат анъаналарининг ёрқин ифодасидир.
Бухорога келган инсон бу ерда фақат тарихий обидаларни кўрибгина қолмайди. У гўё ўтмиш билан юзма-юз келади. Қадимий мадрасалар, ҳовузлар, масжид ва мақбаралар, тор ва файзли кўчалар инсонни минг йиллик тарих саҳифаларига етаклайди.
Шу жиҳатдан қараганда, зиёрат туризмини ривожлантириш — фақат сайёҳлар сонини ошириш ёки туристик хизматлар ҳажмини кўпайтириш эмас. Бу, энг аввало, халқимизнинг буюк маънавий меросини дунёга танитиш, тарихий хотирани асраш, авлодлар ўртасида маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш ва турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ҳамда бағрикенглик муҳитини кучайтиришдир.
Бугун Бухоронинг дунё сайёҳлик харитасидаги нуфузи ортиб бораётгани ҳам ана шу улкан мақсадлар билан уйғун. Айниқса, Малайзия каби мусулмон дунёсида катта нуфузга эга давлат вакилларининг Бухорога қизиқиши шаҳарнинг зиёрат туризми салоҳияти халқаро миқёсда тобора юксалаётганидан далолат беради.
Зеро, Бухоро — бир миллат ёки бир мамлакат тарихи билан чекланиб қоладиган шаҳар эмас. Унинг маънавий мероси бутун мусулмон олами, қолаверса, жаҳон цивилизацияси тарихининг ажралмас қисмидир.


Бугунги ислоҳотлар эса ана шу бебаҳо меросни замонавий имкониятлар билан уйғунлаштириш, уни дунё аҳлига муносиб тарзда намойиш этиш учун кенг йўл очмоқда.
Тарихий обидаларни асраш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, сайёҳлар учун инфратузилма ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби ишлар Бухоронинг жаҳон зиёрат туризмидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, хорижлик меҳмонлар Бухорога келиб, бу заминнинг нафақат тарихини, балки бугунги Ўзбекистонни ҳам кўрмоқда. Яъни улар обидалар орқали кечаги Ўзбекистонни, замонавий шаҳарлар, янгиланишлар ва ислоҳотлар орқали эса бугунги Янги Ўзбекистонни кашф этмоқда. Малайзия делегациясининг Бухорога ташрифи ана шу эзгу жараённинг яна бир муҳим саҳифасидир.
Бугун дунёда халқлар ва давлатларни бир-бирига яқинлаштирадиган энг кучли воситалардан бири — бу маданият ва маънавиятдир. Бухоро эса бундай мулоқот учун табиий ва бетакрор майдон бўла олади. Зеро, асрлар давомида бу заминда илм излаган, маърифат тарқатган, турли юртлардан келган инсонларни бирлаштирган маънавий муҳит шаклланган. Бугун ана шу анъана янги мазмун билан давом этмоқда.
Малайзиялик меҳмонларнинг Бухорога ташрифи ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, диний-маърифий ва илмий-маданий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим имкониятдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири