Бухоро билан танишув янги ғояларга йўл очади
Айрим сафарлар манзилдан манзилга кўчиш эмас, инсоннинг дунёқарашини бойитадиган, янги орзу ва мақсадларга илҳом берадиган унутилмас учрашувларга айланади. Бухорога ташриф буюрган Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ёшлари учун ҳам бу сафар ана шундай мазмун касб этди.
Бугун мамлакатимизда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил давом этмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ҳудудлар ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш, миллий қадрият ва тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида хўжайлилик фаол ёшлар делегацияси Бухоро вилоятига ташриф буюриб, кўҳна ва навқирон воҳанинг тарихий-маданий мероси, тадбиркорлик имкониятлари ҳамда миллий ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишишди.
Бухорога келган ёшлар учун сафарнинг илк таассуротлари, шубҳасиз, қадимий шаҳарнинг бетакрор қиёфаси билан боғлиқ бўлди.
Асрлар давомида Шарқ цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлиб келган Бухоронинг тарихий масканлари, қадимий меъморий обидалари ва миллий муҳити ёш меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Сафар давомида делегация аъзолари шаҳарнинг диққатга сазовор масканларини зиёрат қилиб, Бухоронинг кўп асрлик тарихи, меъморий ёдгорликлари ва бой маданий мероси ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Бир қарашда сукут сақлаб турган қадимий деворлар, гумбазлар ва пештоқлар гўё ўтмишдан сўзлаётгандек. Ёшлар ана шу тарихий муҳит орқали аждодларимиз қолдирган улкан маънавий меросни ҳис этиш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масъулиятини яна бир бор англашди.

Бухоро сафари фақат тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланмади. Ёш делегация вакиллари маҳаллий тадбиркорлар ва ҳунармандлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ҳунармандларнинг қўл меҳнати билан яратилаётган миллий маҳсулотлар, анъанавий усулларни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш тажрибаси ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ҳунарнинг оддий машғулотдан муваффақиятли тадбиркорликка айланиши, миллий маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш, бренд яратиш ва меҳнат орқали барқарор даромад топиш борасидаги тажрибалар эътибор марказида бўлди.
Зеро, миллий ҳунармандчилик — фақат ўтмишдан қолган мерос эмас. У бугун ҳам янги иш ўринлари яратиш, ёшларни касбга йўналтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишнинг муҳим манбаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — самимий мулоқотлар бўлди. Хўжайлилик ёшлар Бухорода фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, уларнинг иш жараёни, бизнесни йўлга қўйиш тажрибаси ва эришган натижалари билан танишишди. Ўз навбатида, ёшлар ўз ҳудудларидаги тажрибалар, ташаббуслар ва истиқболли ғоялар билан ўртоқлашди. Бундай мулоқотлар ёшларнинг бир-бирини яхшироқ англашига, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашига ва энг муҳими, “мен ҳам уддалай оламан” деган ишончни шакллантиришга хизмат қилади. Чунки бир ҳудудда туғилган ғоя иккинчи ҳудудда янада ривожланиши мумкин. Бир тадбиркорнинг тажрибаси эса бошқа ёш учун янги бизнеснинг бошланишига айланиши эҳтимол.
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларнинг замонавий билим ва касбларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, хорижий тилларни ўрганиши, инновацион ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бундай ташрифлар эса ушбу имкониятларни ҳаётий тажриба билан бойитади.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли ва Бухоро ёшларининг ўзаро суҳбати, аввало, икки ҳудуд ёшларининг дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлайди. Айни пайтда бу каби учрашувлар ёшларнинг ўз юртига бўлган меҳрини ошириш, бошқа ҳудудларнинг имкониятларини ўрганиш ва янги ташаббусларга илҳомланиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Хўжайлилик ёшларнинг Бухорога сафари шунчаки сайёҳлик саёҳати эмас. Бу — тарих билан мулоқот, ҳунар билан танишув, тадбиркорлик сирларини ўрганиш ва тенгдошлар билан фикр алмашиш имконияти бўлди.
Бугун Бухорода кўрилган бирор бир ҳунармандчилик устахонаси эртага Хўжайлида янги лойиҳага асос бўлиши мумкин. Бугунги мулоқотда айтилган бир ғоя келажакда икки ҳудуд ёшларини бирлаштирадиган қўшма ташаббусга айланиши эҳтимол. Шу маънода, бундай сафарларнинг энг катта натижаси кўз билан кўрилмайди — у ёшларнинг қалбида, тафаккурида ва келажак режаларида шаклланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири