Қаерда, гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, эҳтиром рамзи ҳисобланган гулларга меҳр қўйилса диллар завққа тўлади. Гуллар шаҳри – Наманганга келсангиз, ҳар кўча-ю, ташкилот атрофида орасталик ва файз ва баракотнинг муҳим омили сифатида гуллар ифорини туясиз.
Наманган шаҳрида “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури ижроси доирасида бошланган 64-Халқаро “Гуллар фестивали” моҳияти янада ошди. Зеро, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида экологик масала энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, “Бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади”.
[gallery-23581]
Гўзалликка ошуфта наманганликлар бу галги йирик тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрди. Ўтган йили фестивалга тайёргарлик жараёнида вилоят марказида жами 45 миллион туп гул кўчати экилган бўлса, жорий йилда эса ушбу кўрсаткич 100 миллион тупга етказилди. Мазкур жараёнда Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, вилоят гулчиликни ривожлантириш марказининг фидойи ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Фестиваль нафақат ўзининг кўлами, балки мазмун-моҳияти, бирдамлик, аҳилликка чорловчи ва қалбларга завқ бағишлайдиган, ранг-баранг тадбирлари билан ҳам ҳар йилгидан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, мингга яқин гул композициялари шаҳарни чин маънода, гуллар галереясига айлантирди. Бошқача айтганда, фестивалда 5 мингдан ортиқ гулчи, ҳунарманд ва тадбиркорлар ўз маҳсулоти билан иштирок этмоқда. Шунинг баробарида, “Эко-гуллар”, “Ландшафт дизайни”, “Ёш гулчилар” каби янги йўналишлар кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Нафосат ва гўзаллик айёмини анъанага кўра, водий ҳаво дарвозаси – “Наманган халқаро аэропорти” олдидан гулларга бурканган автопарад бошлаб берди. Маҳаллий ҳокимликлар, ташкилотлар, маҳаллалар, тадбиркорлар ва депутатларнинг саъй-ҳаракатлари билан безатилган бир-биридан бетакрор транспорт воситалари марказий кўчалар бўйлаб ҳаракатланиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига туташ майдонга етиб келди. Автоуловлар орасида 1960-1970 йилларга мансуб ретро-техникалардан тортиб, юртимизга кириб келган мўъжазгина электромобиль ва скутерларни ҳам учратиш мумкин.
Айтиш даркор, шу йилнинг февраль ойида Наманганда илк маротаба ташкил этилган халқаро “Авто тюнинг” фестивали кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган эди. Эътиборлиси, автопарадда ушбу фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар ҳам муносиб қатнашмоқда.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Европа Иттифоқи элчихонаси, Покистон Ислом Республикаси, Уммон султонлиги, Япония, Чехия, Эрон Ислом Республикаси, Беларусь, Ҳиндистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон каби йигирмага яқин давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, хорижий давлат делегациялари, чет эл компаниялари мутасаддилари ва инвесторлар, халқаро ҳамкорлар, маданият ва санъат намоёндалари жам бўлди.
Наманган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов тўпланган нуфузли меҳмонлар, хорижий ва маҳаллий туристларни ажойиб байрам билан муборакбод этиб, ҳар қачонгидан креатив руҳда кечадиган тадбирлар барчага ўзгача шукуҳ бағишлашини таъкидлади.
Бу галги гуллар байрами доирасида 150 дан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги форумлар, маданий-маърифий тадбирлар, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Меҳмонлар Бобур боғи ҳамда Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида яратилган бетакрор ва мафтункор гул композицияларидан завқ олишлари мумкин. Қолаверса, “Янги Ўзбекистон” боғининг 45 гектар майдонида ҳам гуллар билан безатилган композициялар барпо этилди.
Асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар, хиёбон ва сайилгоҳлар ҳамда марказий кўчалар байрамга мос безатилди. Гуллар оҳанграбоси нафақат шаҳар, туманлар марказлари, балки чекка ва олис қишлоқларгача бирдек ўзига тортади. Кўчалар, маҳаллалар, турар-жой ҳудудлари атрофи гулларга бурканиб, ҳар бир хонадонда гулчилик бўйича танловлар ўтказилди. Қувонарлиси, ҳар бир маҳаллада ўзига хос гул бренди яратиш анъанаси йўлга қўйилди.
Фестивалда тажрибали гулчилар билан бирга ҳаваскор гул етиштирувчилар ҳам қатнашмоқда. Ландшафт дизайни мутахассислари эса ўз санъат намуналарини намоён этмоқда. Шунингдек, ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар нафис гулларни безаш маҳорати бўйича рақобатлашади.
– Ушбу фестивалнинг вилоятимиз иқтисодиётидаги салмоғи ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Айниқса, бу аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришдаги ҳиссасида ўз аксини кўрсатмоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботирхон Нуриддинов. – Ўтган йилги Гуллар фестивалида вилоятимизда умумий савдо ва хизматлар айланмаси қарийб 4,6 триллион сўмга тенг бўлган эди. Жорий йил биз бу кўрсаткични қарийб икки баробар ошириб, 8 триллион сўмга етказишни мақсад қилганмиз. Бу фестиваль нафақат гўзаллик, балки даромад, иш ўрни ва экспорт деган янги ёндашувдир.
64-Халқаро “Гуллар фестивали”да аввалгиларидан фарқли ўлароқ, сайёҳлар учун алоҳида туризм пакетлари ишлаб чиқилган. Улар Наманган вилоятининг Поп, Янгиқўрғон, Чуст, Косонсой, Чортоқ туманларида жойлашган гўзал ва бетакрор жойларга ташриф буюриб, ҳузурбахш манзараларда мароқли ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Шу маънода, жорий йилда фестивалда 750 мингга яқин хорижий, 6,5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутилган.
– Наманганда анъанавий ўтказиладиган Халқаро “Гуллар фестивали”га жамоамиз билан биринчи бор ташриф буюрдик. Фестивалнинг дастлабки кунидаёқ меҳмонларга ажойиб унутилмас таассуротларни уйғотмоқда, – дейди Қирғиз Республикаси Жалолобод шаҳрининг бош меъмори Багит Байжигитов. – Тантанали очилиш маросимидаги концерт дастури, унда турли тилларда ижро этилган қўшиқлар манзур келди. Айниқса, автопарад, унда юзлаб техникаларнинг кетма-кетликда шаҳар бўйлаб ҳаракатлангани, уни кўча бўйларида минглаб одамлар олқишлар билан кузатганлиги эътиборимни тортди. Ҳамкасбларимиз билан бундан буён ҳар йили фестивалга келадиган бўлдик.
Умуман олганда, 40 кун учун бири-биридан мазмунли тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “очиқ осмон” остидаги концерт дастури, ўзбек-турк киноижодкорлари халқаро учрашуви, “Наманган 2-халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси”, “Жаҳон эстрада юлдузлари” иштирокида концерт-томоша, қатор халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этилади. Модалар ҳафталиги, “Талант шоу”, “Овоз” ва “X-Factor” танловлари, спорт мусобақалари, ҳунармандчилик кўргазмалари, “Ош танлови”, “Лаванда сайли”, дрон-шоу каби кўнгилочар тадбирлар орқали миллий қадриятларимиз тарғиб қилинади.
Бир сўз билан айтганда Наманганда ўзига хос ва мос бетакрор кишилар қалбини завққа тўлдирувчи фестиваль бошланди. Нафақат гуллар, балки вилоятнинг ширинсўз, сертакаллуф инсонлари билан учрашиш, улар билан дилдан суҳбат қуриш ва ўзгача маданиятнинг гувоҳи бўлишни истаганларга Наманган дарвозалари ҳамиша очиқ. Фестиваль сабаб диллар дилларга туташади, кўнгилларда эзгулик, Ватанга, осойишта ҳаётга бўлган меҳр учқунлари аланга олади. Наманганга ҳуш келибсиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.