Бу йил "Олтин қалам" танлови учун қанча даъвогар ҳужжат топширди? Ушбу мукофот кимларга насиб этади? Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган "Олтин қалам" ХVI Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ўтказилишига оид матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
Тадбирда танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита аъзолари, таҳририятлар бош муҳаррирлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Унда "Олтин қалам" XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловини ўтказиш билан боғлиқ масалалар, амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, бу йилги танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Шерзодхон Қудратхўжа 2006 йилдан буён ўтказилаётган "Олтин қалам" танловининг нуфузи халқаро миқёсда ҳам тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Жорий йилги танлов учун 435 нафар иштирокчи 5 мингга яқин ижодий ишларини топширган. Жумладан, телевидение йўналиши бўйича 126, босма нашрлар йўналиши бўйича 138, интернет журналистика йўналиши бўйича 45, "ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати" номинацияси бўйича 16 та, танловнинг асосий йўналишидаги "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" номинацияси бўйича ҳам ўтган йилга нисбатан ижодий ишлар кўп тақдим этилган.
Ҳудудлар кесимида олсак, қорақалпоғистонлик ҳамкасблар танловда фаоллик кўрсатган. "Олтин қалам" XVI танловида Европа, Осиё, Африка, Америка қитъасидан журналистлар ижодий ишлари билан фаол қатнашгани, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон Республикасидан Журналистлар уюшмаси раислари ва вакилларининг "Олтин қалам" танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимга ташриф буюриш истагини билдиргани ва улар мукофотларни топширишда бевосита иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса "Олтин қалам" Миллий мукофот бўлса-да, ушбу танлов бутун дунёни қамраб олаётганининг яққол исботидир.
Бунинг сабаби нимада? Энг аввало, танловлар орасида "Олтин қалам"нинг нуфузи баланд,мукофот жамғармаси миқдори жуда салмоқли. Қолаверса, ижодий ишлар мавзунинг ижтимоий аҳамияти, журналистларнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув каби мезонлар билан баҳоланади.
Айни пайтда танловнинг шаффофлиги эътиборга молик. Бу йил танловга келиб тушган ижодий ишларни баҳолашда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг расмий jurnalistlar.uz сайти орқали кенг жамоатчилик иштирокидаги онлайн баҳолаш ҳам йўлга қўйилган. Бунда танловнинг ҳар бир иштирокчисининг алоҳида саҳифаси бўлиб, иштирокчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилган, "Олтин қалам" саҳифасида улар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар жойлаштирилган. Ижодий ишларини баҳолаш тизими автоматлаштирилган ва ҳар бир юртдошимиз овоз бериш йўли билан танлов иштирокчиларининг ижодий ишларини баҳолаб бориш имкони яратилган.
[gallery-6864]
Баҳолашнинг илк босқичида ижодий ишлар ҳар бир йўналиш бўйича ишчи ҳайъат аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳар бир ижодий иш 5 баллик тизим асосида баҳоланди. Иккинчи босқичда ижодий ишлар кенгайтирилган ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва ҳар бир ижодий иш 5 баллик тизим асосида баҳоланади. Ҳакамлар ҳайъати тасдиғидан ўтганидан сўнг электрон йиғилган баллар ҳам қўшилиб, якуний натижа эълон қилинади.
Анжуманда қайд этилганидек, ғолиблар учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган : журналистика соҳасида Бош миллий мукофот соҳиби махсус диплом, "Олтин қалам" кўкрак нишони, статуэтка ва базавий ҳисоблашнинг 200 баробари миқдорида (54 000 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланади.
Асосий мукофотлар қуйидагича: Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот ( телевидение - 1, 2, 3-ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот ( радио - 1, 2, 3 - ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ - 1, 2, 3 - ўринлар); Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет- журналистика - 1, 2, 3-ўринлар). Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун 1 та биринчи ўрин, 4 та иккинчи ўрин (босма ОАВ,ТВ, радио, интернет).
Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, "Олтин қалам " кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 160 баробар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, "Олтин қалам" кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 140 баробар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, "Олтин қалам " кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 120 баробар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, "Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материаллари учун", "Маҳалла, оила ва гендер тенглик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун", "Ўзбекистон тарихи ёритилган энг яхши материал учун", "ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати", "Энг яхши фоторепортаж" рағбатлантирувчи мукофотлар топширилади.
Мазкур номинация ғолиблари диплом, статуэтка ва базавий ҳисоблашнинг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Танловда халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари томонидан номинациялар эълон қилинди. Жумладан, Туркия Республикасининг юртимиздаги элчихонаси томонидан 4 та номинация бўйича, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 4 та номинация бўйича, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳ.Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан 2 та номинация бўйича, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан 2 та номинация бўйича ижодий ишлар қабул қилинди.
Халқаро ҳамкорлар томонидан эълон қилинган номинациялар ғолибларига ушбу давлатларга саёҳатлар сертификатлари ҳам топширилади.
Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш шу йил 4 май куни "Туркистон" саройида бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири