Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройи ҳовлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган “Бу менинг танловим – бу менинг Конституциям!” шиори остида тадбир ўтказилди.
Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир, парламент қуйи палатаси депутатлари Дилбар Усманова, Атхам Назирқулов, Нодирбек Абдувалиев ва маҳаллий кенгаш депутатлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, “Maxam chirchiq” АЖ бошқарув раиси Хотам Сайидаҳмедов, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Чирчиқ давлат Педагогика университети ректори Гафуржан Мухаммедов, кенг жамоатчилик вакиллари, илм-фан ва маданият арбоблари, нуронийлар ва ёшлар қатнашди.
Барчанинг қўлларига “Сеники”, “Меники”, “Бизники”, “Конституция – ўзимизники!”, “Бу менинг танловим – менинг Конституциям!”, “Биз эркинлик учун овоз берамиз!” ёзувлари туширилган ранг-баранг плакатлар, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми – 2023” ёзуви акс этган оқ рангли байроқларни кўтариб чиқди. Кайфият эса аъло даражада. Иштирокчилар янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди. Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилиши халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига пухта замин яратгани қайд этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Махмуд Тоир эса янги таҳрирдаги Қомус халқчил Конституция сифатида дунё юзини кўраётгани хусусидаги ўз мулоҳазаларини билдирди. Бугун дунё мамлакатларида кечаётган таҳликали ҳаёт болаларни отасидан, аёлларни севимли ёридан, оналарни фарзандларидан айираётган бир замонда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик неъмати ва Конституция халқимизни янада жипслаштириб турганига эътибор қаратди. Янги Ўзбекистоннинг бахти бирлик ва жипсликда эканини мадҳ этган ижод намуналаридан ўқиб берди.
Тадбирда маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар янги таҳрирдаги Қомуснинг қонун лойиҳасида акс этганига ҳам тўхталиб ўтишди. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар, фермерлар узоқ кутган, мулкдорлар қатлами учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Чирчиқ давлат Педагогика университети ректори Гафуржан Мухаммедов эса мамлакатимизда Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ҳаракатлар олиб борилаётгани хусусида тўхталди. Яқин йилларда ушбу улуғвор мақсадга эришиш O‘zLiDeP дастурида ҳам ўз ифодасини топгани, шунга мос равишда янгиланаётган Конституциямизда таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошаётганини алоҳида эътироф этди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли” деган норманинг мустаҳкамланиши ушбу вазифани конституциявий даражада кафолатини таъминлашга хизмат қилиши муқаррар эканини таъкидлади. Мазкур қоида мазмунида давлат томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий равишда танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқи кафолатланаётгани таҳсинга сазовор эканини айтаркан, мамлакатнинг ёруғ истиқболига бефарқ бўлмасдан, умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлади.
Тадбир иштирокчилари барчани муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга чақирди. Шунингдек, бир қатор профессор-ўқитувчилар ва талабалар, спортчилар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасига оид ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Байрамона руҳда кечган тадбирда эл суйган хонандаларнинг ёшлик, муҳаббат ва она юртни мадҳ этган куй-қўшиқлари даврага кўтаринки кайфият улашди.
А.Мусаев, ЎзА.