Брюссель жазодан муросага ўтмоқда(ми)?
Европа Иттифоқи Венгрияга қарши саккиз йилдан бери амал қилиб келаётган энг кескин сиёсий механизм — 7-модда тартибини бекор қилишга яқинлашмоқда. “Ядро варианти” деб аталадиган бу процедура мамлакатни ҳатто ЕИдаги овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишгача олиб бориши мумкин эди, аммо Петер Мадьяр ҳукумати даврида Будапештнинг қатор баҳсли қонунларни қайта кўриб чиқиши Брюссел муносабатини ўзгартирмоқда.
Ҳал қилувчи босқич октябрда бошланади. Европарламент делегацияси Венгрияга бориб, мамлакатдаги ҳуқуқ устуворлиги ва демократия билан боғлиқ вазиятни ўрганади. Шундан сўнг тайёрланадиган ҳисобот саккиз йиллик баҳсга нуқта қўйиши мумкин.
Процедурани тугатиш учун Европарламентнинг 719 депутати орасида камида 480 нафар қўллаб-қувватловчи топилиши лозим. Ўнг ва консерватив кучлар қарор тарафида бўлиши кутилмоқда, чап қанот эса қаршилик кўрсатиши мумкин. Шу боис, ҳал қилувчи овоз марказчи ва либерал сиёсий гуруҳларга тегишли бўлади.
Агар 7-модда тартиби бекор қилинса, бу фақат Венгрия учун сиёсий ғалаба бўлмайди. Бу Европа Иттифоқининг ўзи учун ҳам муҳим сигналга айланади: Брюссел аъзо давлатлар билан муносабатда жазолаш сиёсати ўрнига ислоҳотлар орқали муроса йўлини танлаяптими? Венгрия масаласидаги жавоб 2027 йил бошида маълум бўлиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА