Бразилия - Ўзбекистон товар айланмаси 300 миллион долларга етди
Мамлакатимизга ташриф буюрган Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейра бошчилигидаги делегация бугун Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат давомида 2025 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш миқдори қарийб 300 миллион долларни ташкил этгани, томонлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, авиация ва фармацевтика йўналишларида шерикликни чуқурлаштириш учун улкан имкониятларга эгалиги тасдиқланди. Ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилиши ва C5+1 шаклидаги ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши маъқулланди.

Қайд этиш керак, Бразилия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини фаол қўллаб-қувватлаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Мазкур учрашув ҳар икки давлат ўзаро шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини кўрсатди.


Ташриф доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида икки давлатнинг 50 дан ортиқ тадбиркори иштирокида B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Очиқ мулоқот давомида ишбилармон доира вакиллари истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиб, сармовий ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар белгилаб олди. Қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш юзасидан қатор келишувларга эришилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА