Бўзсув канали бўйида янги боғ барпо этилади
Учтепа туманидаги Бўзсув канали бўйида янги экопарк ташкил этилади. Пойтахт ҳокимлиги қайд этишича, каналнинг 3,1 километрлик қисмида олиб бориладиган ободонлаштириш ишларидан кўзланган мақсад — замонавий инфратузилма ва атроф-муҳит билан уйғун ўзига хос табиий маскан яратишдир.
Бу ерда нафақат кўкаламзор майдонларни кенгайтириш, балки шаҳар аҳолиси сайр қилиши, спорт билан шуғулланиши ва оилавий дам олиши учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш режалаштирилган. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, боғда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, шинам ҳордиқ чиқариш жойлари, замонавий спорт майдончалари ҳамда барча ёшдаги аҳоли учун хавфсиз инфратузилмани барпо этиш кўзда тутилган.
Экопарк фақат шаҳар аҳолисининг дам олиши учунгина мўлжалланмаган. Табиатни асраш ва маҳаллий экотизимни сақлаб қолиш масаласи лойиҳада муҳим ўрин тутади. Жумладан, канал ва унга туташ майдонлардаги фауна вакиллари учун табиий муҳитни асрашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, режага кўра, сув жонзотлари учун махсус оролчалар, қушлар ва бошқа жониворлар яшаши учун алоҳида ҳудудлар, шунингдек, ҳаваскор балиқчилар учун қулай жойлар ташкил этилади. Шу тариқа Бўзсув бўйи инсонлар табиатга зиён етказмаган ҳолда дам оладиган масканга айланади.
Янги экопарк Учтепа туманидаги энг кўркам ва диққатга сазовор масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА.