Хатосини тузатишга бел боғлаган инсонга давлат ва жамият суянч бўлмоқда
Қарор ва ижро
Темир дарвоза енгил очилди. Ўн йил кутилган инсон ниҳоят оиласи бағрига қайтди. Фарзандлари, турмуш ўртоғи, ота-онаси билан дийдорлашув ҳеч бир таърифга сиғмайди. Узоқ соғинч ва кўз ёшларни ҳар бир қалб ўзича ҳис қилади.
Аммо илк ҳаяжон босилгач, уй ичига эртанги куннинг оғир сукунати чўкади. Ўн йил ичида шаҳарнинг кўчаларию биноларигина ўзгармаган. Бугун меҳнат бозори ҳам бутунлай бошқа қиёфага кирган. Технологиялар янгиланган, янги касблар пайдо бўлган. Иш берувчининг талаби эса кескинлашган. Қўлида замонавий ҳунари йўқ одам учун эса рўзғор тебратиш ва атрофдагиларнинг ишончини қайта қозониш оғир синовга айланади.
Бу ҳолат бир ёки икки хонадоннинг дарди эмас. Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг апрель ойида эълон қилган маълумотга кўра, мамлакатдаги 49 та жазони ижро этиш муассасасида 47 минг 432 нафар маҳкум жазо ўтамоқда. Уларнинг тахминан 26 минг нафари ёпиқ колонияларда, 11 мингдан ортиғи эса манзил-колонияларда сақланади. Эртами-кечми уларнинг аксарияти шу темир дарвозадан ташқарига чиқади. Агар собиқ маҳкум кўчага қўли бўш, муносиб даромад топиш имкониятисиз чиқса, эски хатога қайтиш хавфи сақланиб қолаверади.
Маҳкумни жазо муддатини ўтаётган давридаёқ мустақил ҳаётга тайёрлаш зарурати айнан шундан келиб чиқади. Тўғри, Жиноят-ижроия кодексида касбий таълим маҳкумни тузатишнинг асосий воситаларидан бири сифатида аввалдан мустаҳкамланган. Бироқ қонундаги бу меъёр ҳаётда тўлақонли ишлаши учун замонавий ўқув базаси ва озодликдан кейинги бандлик занжири зарур эди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 ноябрь куни имзолаган “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор шу занжирни яхлит тизимга айлантиришни кўзлайди. Ҳужжатда белгиланган бош мақсад ҳам аниқ, маҳкумларни касбга ўқитиш орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш.
Бу кўрсаткичга эришиш учун колониялардаги ўқитиш жараёни реал меҳнат бозори талабига мослаштирилади. Хусусан, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади. 2030 йилга қадар эса бозорда талаб юқори бўлган камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилиб, ҳар йили 15–20 минг нафар маҳкум замонавий ҳунарларга ўқитилади. Натижада касбий таълим қамровини 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Инсон тақдири учун энг муҳим жиҳати шундаки, маҳкум заруратга қараб 2 та касбни эгаллаши ва якунида давлат намунасидаги диплом ёки сертификат олиши мумкин. Бундай ҳужжат озодликка чиққан одамга иш излашда қуруқ ваъдадан кўра ишончлироқ таянч беради.
Жазо муддати жисмоний эркинликни чеклайди, аммо инсоннинг ўқиш ва ўз устида ишлаш истагини тўхтатиб қўймаслиги керак. “Янги ҳаёт” дастури доирасида 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб маҳкумлар колониянинг ўзида белгиланган тартибда имтиҳон топшириб, олий таълим ташкилотларига кириш имконига эга бўлади. Бунинг учун муассасаларда олий таълимга тайёрловчи мақсадли курслар йўлга қўйилиб, видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади. Талабаликка қабул қилинганлар тўлов-контракт асосида масофавий шаклда таҳсил олади. Узоқ йиллик жазо муддатини шунчаки кутиш билан эмас, билим олиш билан ўтказган одамнинг дунёқараши ҳам, жамиятга қайтишдаги ишончи ҳам ўзгаради.
Бироқ қўлдаги диплом ёки сертификатнинг ўзи рўзғорни бутлаб қўймайди. Уни реал иш ўрнига айлантириш керак. Шу боис янги тартибга кўра, касб-ҳунар курсини битириб, давлат намунасидаги ҳужжат олган маҳкумлар ҳақидаги маълумотлар улар озодликка чиқишидан камида бир ой олдин Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилади. Шундан сўнг мазкур вазирлик Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда собиқ маҳкумни колонияда эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштириш чораларини кўради.
Шу тариқа иш излаш жараёни инсон кўчага чиқиб, сарсон бўлганидан кейин эмас, у ҳали муассасада эканидаёқ бошланади. Идоралар эса унинг малакаси ва имкониятини олдиндан ўрганиб, реал бандликни таъминлаш учун вақт ютади.
Ўн йилдан сўнг очилган ўша темир дарвоза икки хил манзарани намоён қилиши мумкин. Бири сарсонлик ва эски хатоларни кўрсатади. Яна бири эса қўлида ҳунари, олдида аниқ иши бор сокин ҳаётга етаклайди. Янги механизмлар чинакамига ишласа, озодликка чиққан инсон оиласига таянч бўла оладиган касб эгаси сифатида кириб боради. Шунда дийдор кўз ёшлари тинганида уй ичига чўкадиган сукунатда хавотир ўрнини эртанги кунга ишонч эгаллайди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА шаҳловчиси