Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости ходимлари мамлакатимизда 8 минг 860 қути тамаки маҳсулоти ноқонуний айланишининг олдини олди.
Вилоят божхона бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, қўшни давлатдан “Айритом” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келган юк автотранспорт воситаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Ҳужжатларда автотранспорт воситасида картошка маҳсулоти борлиги кўрсатилган бўлса-да, сканер тасвирлари зийрак божхона ходимларида шубҳа уйғотди. Юк транспорт воситасининг тиркамаси очиб кўрилганида картошка ортилган қоплар устига қиймати 266 миллион сўмлик 8 минг 860 қути сигарет маҳсулоти борлиги маълум бўлди.

Амалдаги тартиб билан жисмоний шахсларга хориждан божхона чегараси орқали 200 донадан кўп бўлмаган миқдордаги тамаки маҳсулотини олиб киришга рухсат этилади.


Айни пайтда ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири