Божхона: янги фармон ва унинг афзалликлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 27 августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат божхона хизмати органларини замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали “Интеллектуал божхона”га трансформация қилиш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Фармон давлат божхона хизмати органларини замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали “Интеллектуал божхона”га трансформация қилиш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш мақсадида қабул қилинди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бўлими бошлиғи, капитан Азамат Омаров. — Фармонга кўра тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида божхона тартиботларини соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, 2030 йилга қадар рақамли технологияларни ривожлантириш орқали инсон омилисиз божхона расмийлаштирувини 60 фоизга етказиш, божхона тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 4,4 фоизга етказиш, божхона расмийлаштируви вақтини икки баробарга қисқартириш, божхона хизматлари сифатини яхшилаш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий мақсадлар этиб белгиланди.
Мазкур фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси тасдиқланди. Стратегия божхона жараёнларида тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона органлари инфратузилмасини яхшилаш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали рақамлаштириш даражасини юқори босқичга олиб чиқиш, божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш, божхона органларида кадрлар билан ишлаш ҳамда комплаенс тизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш каби устувор йўналишларни назарда тутади.
Шунингдек 2026 йил 1 октябрдан бошлаб солиқ органларида хавф даражаси паст ҳамда қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Товарлар экспортида назорат жараёнларининг рақамлаштирилиши ва такомиллаштирилиши ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати ва фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб хавф даражаси паст ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини товарлар эркин муомалага чиқарилгандан кейин назорат қилиш, божхона қийматини назорат қилиш мақсадида товарлар учун қатъий божхона қийматини белгилашни тақиқлаш, божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш амалиётини жорий этиш, товарларнинг божхона қийматини назорат қилишда расмий диллер ва дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш каби товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш тартибини соддалаштиришга қаратилган чоралар кўрилади.
2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида ва уларга олиб борувчи йўлларда транспорт воситаларининг тартибли ҳаракатини ташкил этиш, ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда чегара постларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш мақсадида ушбу ўтказиш пунктларига яқин (туташ) ҳудудларда автотураргоҳ ва логистика инфратузилмаларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади. Божхона қўмитасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси негизида божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Стратегия божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва ташқи савдо жараёнларини енгиллаштириш орқали божхона органларини сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланадиган, фаолияти шаффоф ва рақамлаштирилган минтақадаги етакчи ташкилотга айлантиришнинг асосий мақсад ҳамда механизмларини белгилайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири