Божхона тизимида аёлларнинг ўрни ортмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Матекеева иштирокида аёл ходимлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги йиғилиш ўтказилди.
Унда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг ҳаётдаги амалий натижалари хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда божхона тизимида ҳам аёл ходимларнинг фаоллиги, касбий салоҳияти ва масъулияти ортиб бормоқда. Буни Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, бундан 10 йил олдин бошқарув тизимида 20 нафар аёл ходим фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 35 нафарга етди. Эътиборлиси, уларнинг 4 нафари раҳбарлик лавозимларида масъулиятли вазифаларни бажариб келмоқда. Шунингдек, 13 нафар ёлланма аёл ишчи ҳам ўз меҳнати ва фидойилиги билан божхона тизими фаолиятига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Тадбир давомида “устоз-шогирд” анъанасини давом эттириш, ёш ходимларга бой касбий тажрибани ўргатиш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хизмат ва хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, хизмат интизоми, муомала маданияти, ҳамкасбларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда ҳар бир ходимнинг шахсий намунаси жамоа обрўсини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири